Қорақалпоғистон Республикаси Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси «Мискин» бекатида хавфсизликни таъминлаш бўлинмасининг хизмат ҳудуди Хоразм, Бухоро вилоятларидан ўтувчи Мискин – Бухоро, Мискин – Истиқлол, Мискин – Нукус темирйўл йўналишларидаги
172 километр масофани ташкил қилади. Мазкур ҳудудда 3 та темирйўл вокзали, 6 та бекат, 1 та разезд мавжуд. Бундан ташқари,
19 та автомобил ва темир йўл кесишмаси жойлашган.
– Жорий йилнинг ўтган
11 ойи давомида бўлинма
ходимлари томонидан олиб борилган ишлар натижасида хизмат ҳудудимизда бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган 424 нафар фуқарога нисбатан тегишли чоралар қўлланилиши таъминланди, – дейди «Мискин» бекати бўлинмаси бошлиғи,
подполковник Байназар Алламжаров.
Жорий йилнинг ноябр ойида Тўрткўл туманида яшовчи М.М. темирйўл бекатининг юк тушириш ва ортиш майдончасида кўмир таъминоти корхонасига тегишли бўлган жами 520 кг кўмирни ўзининг бошқарувидаги автоуловга юклаб, ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб чиқиб кетаётган вақтида ушланди. Ушбу ҳолат юзасидан ўрнатилган тартибда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Шунингдек, бўлинманинг хизмат ҳудудида 12 та маҳалла фуқаролар йиғини, 8 та мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, 18 та бошқа ташкилот ва идоралар жойлашган. Асосий эътибор, аҳоли хусусан, ўқувчи ёшлар орасида ҳамда ушбу ташкилот ва муассасаларда тезкор профилактик тадбирларни самарали ташкил этишга қаратилган.
Афсуски, шунга қарамасдан, темирйўлларда турли кўнгилсиз ҳолатлар учраб туради. Шу боис бўлинма ходимлари томонидан «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни», «Темирйўлларда хавфсиз кун», «Ёшлар орасида психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар тарқалишига қарши курашиш», «Қорадори-2025», «Коррупсияга қарши курашиш» тадбирлари ўтказиб келиняпти. Шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, поезд вагонларига ва темир йўл иншоотларига шикаст етказмаслик, вояга етмаганларни эътиборсиз қолдирмаслик каби кўплаб йўналишлар бўйича профилактик-тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда.
Азамат ПИРНИЯЗОВ,
ўз мухбиримиз.
Қорақалпоғистон Республикаси.
