Бугунги кунда Хоразм вилояти ИИБ Пробация бўлими томонидан жиноий-ҳуқуқий соҳадаги қонунчилик ижросини таъминлаш, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан чиқарилган суд ҳукм ва ажримларининг ижросини таъминлаш, маҳкумлар онгида қонунга итоаткорлик ҳиссини уйғотиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу тадбирлар ва сайёр суд йиғилишларига пробация гуруҳи ҳисобидаги маҳкумлар таклиф этилиб, жазони ўташ даврида белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилган, зиммасига юклатилган вазифаларга масъулият билан ёндошган ҳамда тузалиш йўлига ўтган шахсларни муддатидан аввал шартли равишда озод этиш ёки жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, суд томонидан ўрнатилган таъқиқ ва чекловларга риоя қилмаган айрим маҳкумларнинг жазо турларини оғирроғига алмаштириш масалалари тушунтириб борилмоқда.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Хонқа тумани суди томонидан тумандаги Пахтагул маҳалласида сайёр суд йиғилиши бўлиб ўтди. Меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, суд томонидан ўрнатилган таъқиқларга тўлиқ риоя этган, ўзининг хулқини ижобий томонга ўзгартирган 4 нафар назоратдаги шахсларга нисбатан енгилроқ жазо қўлланилиб, улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига биноан, тайинланган жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Шунингдек йиғилишида пробация хизмати назоратидаги жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ҳамда авф қилинган шахсларнинг мурожаатлари ҳам тингланиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда” мухбири.