Мамлакатимиздаги криминоген вазиятни яхшилаш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий диққат марказида. Президентимизнинг 2021-йил 2-апрелдаги «Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.
Ҳар бир туман-шаҳардаги сектор раҳбари билан бир қаторда, «маҳалла еттилиги» маҳалланинг ўзида барча муаммоли масалаларга барҳам бериш бўйича самарали фаолият юритиб келмоқда. Хусусан, ўтган йил давомида профилактика инспекторлари томонидан аниқланган барча маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан қонуний чоралар кўрилди. Шунингдек, 3 мингга яқин ёки ҳар учинчи маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Олиб борилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, маҳаллаларда хавфсизликни таъминлашда ҳуқуқ-тартибот масканларининг роли юқори бўлмоқда. Шунинг учун ҳам, ИИВ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Миллий телерадиокомпания, Маънавият ва маърифат марказининг «Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани» кўрик-танловини ўтказиш тўғрисидаги қўшма қарори асосида ўтказилган кўрик-танловда республикадаги барча масканлар дастлаб туман, сўнгра эса 4 та минтақа босқичида ташкил этилди.
Мазкур масканлар жойлашган маҳалладаги профилактика ва хотин-қизлар инспекторлари, йўл-патрул, патрул-пост ва пробация хизмати ходимлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари ҳамда туман-шаҳар сектор раҳбарларининг фаолияти жами 11 та номинация асосида баҳоланди.
ИИВ Маданият саройида бўлиб ўтган танловнинг республика босқичида Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон Республикаси Сенати қўмита раиси Қутбидин Бурхонов, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик қўмитаси раиси Малика Кадирханова ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг масъул раҳбарлари иштирок этишди.
Тантанали тадбирни очиб берган Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ушбу танлов ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда муҳим восита бўлиб хизмат қилиши, шунингдек, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик ҳудудларни жиноятлардан холи масканга айлантириш борасида муҳим қадамлар ташлаганини алоҳида эътироф этди.
Шундан сўнг саҳнага спортнинг бокс тури бўйича супер ўрта вазн тоифасида WБА камарини қўлга киритиб, профессионал бокс бўйича янги жаҳон чемпиони бўлган Исроил Мадримов таклиф этилди. Вазир Ўзбекистонни яна бир бор дунёга танитган ўзбек ўғлонига муддатидан олдин «маёр» махсус унвони ва эсдалик совғаларини тантанали тарзда топширди.
– Президентимиз томонидан тақдирланганим, бугун Ички ишлар вазиридан «маёр» махсус унвонини қабул қилиб олганим жуда қувончли воқеа бўлди, – дейди Тошкент вилояти ИИББ ТВБСО ходими Исроил Мадримов. – Бундай ишонч ва эътироф менга янада масъулият юклайди ҳамда соҳадаги кейинги фаолиятимда куч бағишлайди. Мақсадим мусобақаларга янада жиддий тайёргарлик кўриб, профессионал боксдаги бошқа камарларни ҳам қўлга киритиб, мутлақ ғолиб бўлиш ва Ватанимиз байроғини янада юқорига кўтариш.
Ниҳоят танлов ғолиблари эълон қилинди. «Энг фаол профилактика инспектори» номинацияси бўйича ғолибликни Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, капитан Жасур Жумаев қўлга киритди. «Энг фаол маҳалла фуқаролар йиғини раиси» номинацияси бўйича Тошкент шаҳар Олмазор тумани «Зиё» МФЙ раиси Убайдулло Мамажонов эътироф этилди. Наманган вилояти Чортоқ тумани «Боғ» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Исломжон Абдулҳамидов «Энг фаол ҳоким ёрдамчиси» номинациясига муносиб кўрилди. «Энг намунали хотин-қизлар фаоли» номинацияси бўйича Самарқанд вилояти Жомбой тумани «Наймантепа» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Санобар Абдуллаева тенгсиз бўлди.
– Ҳудудимизда аҳоли сони 5000 нафарни ташкил этади, – дейди Чироқчи тумани «Мустақиллик» маҳалласидаги 6-сонли ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспектори, капитан Жасур Жумаев. – Ўтган йил давомида ҳудудда бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни жиловлашда ҳамда бугунги ютуқларга эришиш замирида «маҳалла еттилиги» билан ҳамкорликда олиб борилган саъй-ҳаракатлар ётибди, деб ўйлайман. Президентимиз ва вазирлик раҳбарияти томонидан бизга билдирилган ишончни оқлаш учун келгусида янада шижоат билан хизмат қиламиз.
Танловнинг «Энг фаол ёшлар етакчиси» номинацияси бўйича ғолиблик Андижон шаҳар «Маърифат» МФЙ ёшлар етакчиси Юнусбек Абдуғаффоровга насиб этди. Шунингдек, «Энг фаол хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори» номинациясида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар ИИОФМБ ЖХХ ҲПБ катта инспектори, подполковник Айжамол Наменова ғолиб бўлди. «Энг фаол йўл-патрул хизмати инспектори» сифатида Сирдарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ катта инспектори, кичик сержант Мавлон Хўразов эътироф этилди. Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЖЦБ ППХ баталёни инспектори, сафдор Умиджон Разаков «Энг фаол патрул-пост хизмати инспектори» номинацияси бўйича ғолибликка сазовор бўлди. «Энг фаол пробация хизмати инспектори» – Хоразм вилояти Хива тумани ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи катта инспектори, капитан Ҳамробек Жуманиёзов бўлди.
Шунингдек, танловнинг «Энг фаол сектор раҳбари» номинацияси бўйича Жиззах вилояти Дўстлик тумани ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари, подполковник Шерзод Қосимов, Тошкент вилояти Зангиота тумани 1-сектор раҳбари Эркин Рустамов, Бухоро вилояти Бухоро тумани 2-сектор раҳбари Карим Икрамов, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани 4-сектор раҳбари Раҳматилла Саттаровлар ғолиб деб топилди.
Кўрик-танловнинг «Энг намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани» йўналиши бўйича 3-ўринга икки ҳудуд – Жиззах вилояти Дўстлик тумани «Саритепа» маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани (профилактика катта инспектори, маёр Илҳом Шодмонов) ҳамда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Аҳмад Яссавий номли маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани (профилактика катта инспектори, капитан Сирож Пирметов) лойиқ кўрилди. 2-ўрин эса Бухоро вилояти Бухоро тумани «Работиқалмоқ» маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани (профилактика катта инспектори, капитан Шаҳоб Исмоилов) муносиб деб топилди.
Бошловчи энг ҳаяжонли дақиқалар яқинлашаётганини билдирди. Яъни, кўрик-танловнинг фахрли 1-ўрин соҳибини аниқлаш фурсати етган эди. Уни аниқлаб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов саҳнага таклиф этилди. Вазир Фарғона вилояти Бағдод тумани «Гулистон» маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспектори, капитан Икромжон Сотволдиевга ғолиблик дипломи ва хизматда фойдаланиш учун «БЙД Чазор» электромобил калитини тантанали равишда топширди.
Тадбирга байрамона руҳ бағишлаш учун ИИВ Маданият саройи Ашула ва рақс ансамбли хонандалари ўзларининг куй-қўшиқлари, сўз усталари эса ичакузди ҳангомалари билан чиқишлар қилишди. Бу тадбир иштирокчиларига янада кўтаринкилик бахш этди.
Сарвар СОБИРОВ,
ўз мухбиримиз.
Абу КЕНЖАЕВ
олган суратлар.
