Ўзлигини йўқотмаган бемор
Юқоридан ишларимизни текширгани келган терак бўйли йигит жаҳл билан хонамга кириб келди:
— Қароқчилар! Юлғичлар! — деди у ўзини босолмай.
— Ҳа, акахон, тинчликми? — деб сўрадим қўшқўллаб сўрашарканман.
— Эшикдан кириб, «Бош ҳакимнинг олдига қандай борилади?» деб сўрадим. Биттаси «Обориб қўяйми?» деди. «Майли!» десам, у қўлимдан судраб, «Винг! Винг! Қиғ-қиғ! Гунггг!» деб эллик қадамча юрди-да, «Мана шу ердан тўғри кирасиз, эллик сўм беринг!» деди. Қўрқиб кетиб, бердим. Эллик метр жойга эллик сўм олса… Шуям инсофданми?
— Хафа бўлманг, ака, — дедим кулумсираб. — У бу ерга тушмасдан олдин таксичилик қиларди.
Бу жинни бўлса
Шунча кўргилик камдай, яна биттаси дарахтга чиқиб олибди.
— Пастга туш!— дедим.
— Тушмайман! — у бамайлихотир жавоб қилди.
Алдаб кўрдим, дўқ урдим — гапим таъсир қилмади. Қоровулнинг милтиғини олиб келиб дўқ урдим:
— Туш, бўлмаса отаман!
— Э, оцангиз отаверинг, тушмайман! — у қайсарлигини қўймади.
Бирортасини ёрдамга чақирай деб ичкарига юрдим.
— Туш, отаман!— деган овоз келди орқамдан.
Қайрилиб қарасам, эсгинам қурсин. Хаёл билан бўлиб милтиқни дарахтга суяб кетаверган эканман. Милтиқ бир беморнинг қўлида турарди. Шериги унинг дўқини эшитган замони «тапур-тупур», «шапур-шупур», «гуп» этиб ерга тушди. Жуда хафа бўлиб кетдим: бош ҳаким бўла туриб, битта беморчалик ҳам обрўйим йўқ экан.
— Бунақа эмас-да, энди, — дедим оғриниб. — Мен сенга ялиниб кўрдим — тушмадинг, дўқ қилдим — тушмадинг, катта ваъдалар бердим — тушмадинг! Бу бир марта айтганда ерга қўниб қолдинг-ку? Нима, унинг шохи борми?
— Шохи-ку йўқ, — жавоб қилди шоввоз, — аммо, дўхтир, сизнинг ақлингиз бор, барибир отмайсиз. Бу жинни бўлса, тушмасам, «пақ» этиб отиб қўярди-да!
Пачоқ бўлган «ёнғоқлар»
Бирорта жонлиқ сўйиб, ис-пис чиқариб юбормасак бўлмайди, шекилли, шифохонамиздан бало-қазо аримай қолди. Мана, энг охирги натижалар: учта «ёнғоқ»нинг қўли чиқди, бештасининг боши ёрилди, тўрттасининг оёғи синди. «Пишмаган ёнғоқ» ҳали ўзига келгани йўқ.
— Ёнғоқ-ёнғоқ ўйнаймиз! — деди оқсоқоллари. — Ҳамма ёнғоқлар дарахтга чиқсин!
Йигирматаси дарахтга чиқибди.
— Ёнғоқлар, тайёрмисизлар? — сўрабди оқсоқол.
— Тайёрмиз! — ҳаммаси жўр бўлиб жавоб қилишибди.
— Унда пишдик! — деб оқсоқол шахсий намуна кўрсатиб ўзини ерга отибди.
Унинг кетидан бирин-кетин ҳаммаси «Гурс! Топ! Гум!» этиб «пишиб» туша бошлабди. Дод-фарёдни кўриб битта ақллироғи айри шохни маҳкам қучоқлаб олганча турганмиш.
— Сен пишмайсанми? — соғ қолган «ёнғоқ»лардан бири сўрабди.
— Мен ҳали унча пишганим йўқ! — у қалтираб жавоб қилибди.
— Ур-э-э — шериклари хурсанд бақиришибди. — Пишмаганини уриб туширамиз! — дейишиб тош борми, ғишт борми, унга ота бошлашибди.
Бир-икки еган «ёнғоқ»:
— Пишдим-пишдим, — деб ўзини ерга отибди.
