Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтида “Замонавий криминологияда кибержиноятчиликка қарши курашнинг долзарб масалалари: муаммолар, илғор тажриба ва илмий-амалий ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий конференсияси ўтказилди. 

Тадбирда Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда республикадаги нуфузли таълим муассасаларининг юксак салоҳиятга эга мутахассис-экспертлари ва олимлар иштирок этдилар. 

Конференсия доирасида кибержиноятчиликнинг замонавий тенденсиялари, ахборот хавфсизлигини таъминлашда давлат ва нодавлат тузилмалар ўртасидаги ҳамкорлик механизмлари, халқаро тажрибада киберхавфсизликни мустаҳкамлаш усуллари, рақамли майдонда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш стратегиялари ҳамда тергов-суриштирув жараёнларига илғор технологияларни татбиқ этиш имкониятлари муҳокама қилинди, – дейди ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази масъул ходими, маёр Лочинбек Атоэв. – Бу каби конференсиялар кибержиноятчиликка қарши кураш ва шу турдаги жиноятларнинг олдини олишда соҳа мутахассисларини назарий амалий билимларини алмашиш ва янада бойитишига хизмат қилади.

Тадбир якунлари бўйича ишлаб чиқилган илмий хулосалар ҳамда амалий таклифлар тўплам кўринишида расмий тарзда чоп этилиши, шунингдек, конференсия мавзусига оид устувор йўналишлар бўйича масъул органларга тақдим этилиши учун алоҳида ахборот-таҳлилий ҳужжат тайёрлаш белгиланди.