Самарқанд шаҳридаги Ватанпарвар боғида республика ишчи гуруҳи томонидан суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан оммавий сайёр қабул бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр Баҳодир Мирзараҳимов иштирок этиб, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг муаммоларини тинглади. Бу ҳақида вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилади.  

Қайд этилишича, сайёр қабул жараёнида фуқаролардан тергов,  фирибгарлик, ўғирлик ҳолатлари ҳамда бандликни таъминлаш билан боғлиқ 40га яқин мурожаатлар келиб тушган. Ва уларнинг кўпчилиги жойида ижобий ҳал этилган. Айрим мурожаатлар юзасидан тегишли муддатлар белгиланиб, масалалар ечим топиш учун мутасаддиларга топшириқлар берилган.

Шунингдек, оммавий сайёр қабул жараёнида 19 нафар пробасия назоратида бўлган шахслар инсонпарварлик тамойиллари асосида муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод этилди. 

Тадбир доирасида 3 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларга юртимиз фуқаролиги ҳамда 7 нафар биринчи маротаба паспорт олаётган йигит-қизларга ИД карталари тантанали равишда топширилди. 

Бу каби оммавий сайёр қабуллар бошқа ҳудудларда ҳам давом этмоқда.

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

“Постда” мухбири.

Самарқанд вилояти.