Навоий вилояти ИИБ бошлиғининг навбатдаги қабулида 15га яқин мурожаатлар тингланди. Қабул давомида фуқаролар томонидан ишга жойлашиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, имтиёзли кредит ажратиш ҳамда бошқа ижтимоий муаммолар бўйича мурожаатлар кўриб чиқилди.
Хусусан, Навоий шаҳри “Ватан” маҳалласида истиқомат қилаётган Дилдора Қувватова Навоий давлат педагогика институтининг магистратура босқичини якунлагани ва олий таълим муассасаларига ишга кириш истаги борлигини айтди. Мурожаат юзасидан номзоднинг ҳужжатларини қабул қилиш ва танловда иштирок этиши бўйича мутасаддилар томонидан назоратга олинди.
Муқаддам Иибда хизмат қилиган ходим, марҳум Умрзоқ Маҳмудовнинг турмуш ўртоғи Ҳилола Мақсудованинг ўғлини иш билан таъминлаш ҳамда моддий ёрдам масаласидаги мурожаати ижобий ҳал этилди. Яъни, Исломжон Бақоэв профилактика инспектори ёрдамчиси лавозимига тайинланди ва унга маҳалласи томонидан моддий ёрдам бериладиган бўлди.
ИИБ бошлиғининг қабули давомида 5 нафар фуқаронинг мурожаати жойида ҳал этилган бўлса, 7 нафарига мурожаати юзасидан йўл-йўриқ кўрсатилди. 2 нафар фуқаронинг мурожаати назоратга олиниб мутасадди ташкилотларга бириктирилди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.
