Бухоро вилоятининг Олот туманида дунёга келган Йўлчи Жўраев ҳам ана шундай мард ва жасур йигитлардан. У пойтахтимизда жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, 2018-йилда ИИВ Қоровул қўшинларига ҳужжатларини топширади. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, илк хизмат фаолиятини Қарши шаҳридаги 7533-ҳарбий қисм 4-баталёнида назоратчи ўқчи лавозимида бошлайди. Топшириқларни ўз вақтида бажариши, тиришқоқлиги, тинимсиз изланиши сабаб тезда ҳамкасбларининг ҳурматига сазовор бўлади. Соҳага оид билимларни устози, бугунги кунда ҳарбий қисм 4-баталёни гуруҳ командири ўринбосари, сержант Жамшид Бердиқуловдан ўрганади. Ҳозирда ҳарбий қисмнинг махсус вазифаларни бажарувчи сафарбарлик взводида хизматни давом эттирмоқда.
– Кичик сержант Йўлчи Жўраев тезда жамоага қўшилиб кетди, – дейди ҳарбий қисм махсус вазифаларни бажарувчи сафарбарлик взводи 3-жанговар гуруҳ командири, капитан Жалолиддин Омонов. – Меҳнацеварлиги ва билимдонлиги туфайли қатор ютуқларга эришиб келмоқда. Ўтган йили Қоровул қўшинларида ўтказилган «Довюрак жангчи» интенсив синовларида иштирок этиб, ғолиблар сафидан жой олди.
–«Довюрак жангчи» кўкрак нишони соҳиби бўлган кичик сержант Йўлчи Жўраев жорий йилда қўшинлар миқёсида ўтказилган «Алвон берет» синовларида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, алвон берет кийиб юриш ҳуқуқини қўлга киритди, – дея суҳбатга қўшилди ҳарбий қисм махсус вазифаларни бажарувчи сафарбарлик взводи 3-жанговар гуруҳ командири, лейтенант Хушнуд Мухторов. – У маънавий-маърифий, тактик, жисмоний, ўқ отиш, саф тайёргарлиги, тоғ тайёргарлиги бўйича билим ва кўникмаларини ёш аскарларга мунтазам ўргатиб келмоқда.
– Бундай ютуқларга эришишимда устозларимнинг кўрсатган йўл-йўриқ, тавсиялари, маслаҳатларининг алоҳида ўрни бор, – дейди кичик сержант Йўлчи Жўраев.
Лавҳамиз қаҳрамони Ватанга, халққа садоқат билан хизмат қилиб, ўзининг касб маҳорати, инсоний фазилатлари билан кўплаб сафдошларига ибрат бўлиб келмоқда. У турмуш ўртоғи Озодахон билан уч нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказаётир. Отаси Жаҳон ака ва онаси Дилрабо опа эса ўғлининг бу бахту камолини кўрганларидан хурсанд.
Содиқ РАҲИМОВ,
ўз мухбиримиз.
Қашқадарё вилояти.
