Фориш тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмасининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, капитан Умида Эгамовага спорт билан шуғулланиш ва қўшиқ куйлаш одати болалигида юққан. Аниқроғи, ота-онаси бошланғич синфдалигидаёқ, Умидани қўшиқ ва рақс тўгарагига беришди. Сал улғайгач, волейбол машғулотларига қатнай бошлади.

У иродали ва қобилиятли бўлгани боис, қайси ишнинг бошини тутмасин, муваффақиятга эришарди. Жумладан, ўсмирлик даврида Жиззах вилояти волейбол жамоасининг илғор аъзоларидан бирига айланиб, «Умид ниҳоллари» спорт мусобақасининг республика босқичида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Мактабда уюштириладиган байрам тадбирлари, хусусан, «Қувноқлар ва зукколар» кўрик-танлови ҳам унинг иштирокисиз ўтмасди.

Умида Эгамова Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиалида ўқиган кезларида ҳам қизиқишларидан воз кечмади. У таркибида бўлган волейбол жамоаси турли йилларда «Универсиада»нинг республика босқичида иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган.

2009 йилдан бери Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасининг турли соҳавий хизматларида фаолият кўрсатаётган Умида айни вақтда Фориш туманида аёллар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўрмоқда. 25 та маҳалладан иборат вилоятнинг энг катта ҳудудини эгаллаган туманда самарали хизмат олиб бормоқда.

Капитан Умида Эгамова каби ходимларнинг қизиқиш ва интилишларини юзага чиқариш ҳамда рағбатлантиришда соҳа вакиллари иштирокида ўтказилаётган турли мусобақа ва кўрик-танловлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг апрел ойида Хоразмда ички ишлар органлари ходималари ўртасида ўтказилган кўпкурашнинг тўппончани тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш йўналишида мақоламиз қаҳрамонига тенг келадиган топилмади.

24–25 июн кунлари Андижонда «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида ўтказилган фестивалда «Қувноқлар ва зукколар» баҳсларида ҳамда август ойида ички ишлар органлари ходимлари иштирокидаги «Санъатда ҳаваскор истеъдодлар» республика кўрик-танловида ҳам унинг етакчилигидаги жамоа 3-ўринни эгаллади.

Умида мумтоз ашулаларни ёқтиради. «Отмагай тонг», «Ўртар», «Фиғонким, гардиши даврон...» қўшиқларини маромига етказиб ижро этади. Эстрада йўналишидаги қўшиқларни ҳам қойиллатиб куйлайди. У спорт ҳамда санъат инсоннинг жисму руҳини мукаммаллаштиришига ишонади ва мазкур йўналишлардаги машқу машғулотларини канда қилмайди.

У илм олишдан тўхтагани йўқ. 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетининг хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш факултетига сиртдан ўқишга кирди. Жиззах вилояти ички ишлар органлари сафида Умида Эгамова сингари муваффақият калитини топганлар анчагина.


Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Постда» мухбири.

Жиззах вилояти.