Маҳаллада профилактика инспектори вазифасида илк хизматимни бошла­ган кунимдаёқ оилавий низога дуч келдим. Университетни эндигина битирган ёш ходимга аёл ҳуқуқларини ҳимоя қилиш анчайин мураккабдек туюлди. Иккиланиб қолдим. Минг истиҳола билан Иброҳим акага қўн­ғи­роқ қилдим. Раҳбар одам бўлса, иши кўп, қандай қабул қилар экан, деган ўйни устознинг гўшакнинг нариги томонидан:

— Парво қилма, ҳозир етиб бораман, – деган сўзи тарқатиб юборди.

Ўн беш дақиқа ўтмай маёр Иброҳим Мусурмонов етиб келди. Оғир-босиқлик билан эр-хотин можаросини бартараф этди. Уларга ҳаётий сабоқ бераркан, менга оқил инсон раҳбар этиб тайинланганини тушундим. 

Иброҳим ака нафақат мени, балки барча ёшларни маънавий жиҳатдан тарбиялашга алоҳида эътибор қаратади. Ходимларни интизомли бўлишга, ўз устида ишлашга, одамлар билан хушмуомала бўлишга чақиради, ички ишлар органи ходими барчага ўрнак бўлиши керак, дея кўп таъкидлайди. Жиноятчиликка қарши курашиш борасида ўз тажрибасини ўртоқлашиб, йўл-йўриқ кўрсатади. 

Айниқса, у кишининг «жиноят ҳам касалликдай гап, вақтида олдини олиш керак», деган гаплари ҳамиша қулоғим остида жаранглайди. Тўғриси ҳам шу. Жиноят содир этилгач, унинг оқибатларини бартараф этиш учун жуда кўп саъй-ҳаракат керак бўлади. 

Устознинг йўл-йўриғи билан маҳаллада профилактик тадбирларни кучайтир­дим. Спорт, маънавий-маърифий беллашувлар, давра суҳбатлари ташкил этдик. Жиноятга мойил шахслар билан алоҳида ишлай бошладим. Натижада маҳалламизда бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

Иброҳим ака оилавий аҳволим билан ҳам доим қизиқиб келади. Ҳатто Мирзаобод туманидаги хонадонимизда бўлиб, бир неча бор ота-онам билан суҳбатлашиб, шароитим билан танишган. Одамлар орасида ўзимни қандай тутиш борасида қимматли маслаҳатларини берган. Мана шу саъй-ҳаракатларнинг ўзи мен учун муваффақиятлар калити вазифасини бажармоқда.

Зокир ҚАРШИБОЕВ, 

лейтенант.

Сирдарё вилояти.