Жиззах шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи вилоят кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Вилоят ички ишлар органлари, прокуратура ва адлия бошқармаси вакиллари иштирокида ташкил этилган тадбирда жорий йилнинг биринчи чорагида ички ишлар ҳамда прокуратура органларининг аҳоли мурожаатларига доир фаолияти таҳлил этилди. Йиғилишда кўтарилган масала юзасидан вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-маёр Ғайрат Қодиров, вилоят прокурори Исломжон Эргашходжаэв, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Шокир Саидов ва бошқалар сўзга чиқдилар.
Дастлаб вилоят ички ишлар органларига қилинган мурожаатлар юзасидан амалга оширилган тадбирларга эътибор қаратилди. 2022-йилнинг биринчи чорагида 5315 та хабар ва аризалар келиб тушган бўлиб, мазкур мурожаатларнинг 100 тасига асосан жиноят иши қўзғатилган. 1240 таси бўйича ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизматлари ва ҳудудий бўлимлари томонидан текширув ўтказилмоқда. 206 таси текшириш ҳужжатларига, 55 таси жиноят ишларига бирлаштирилган.
Йиғилишда прокуратура органларининг мурожаатлар билан ишлашга оид фаолияти ҳам таҳлил этилди. Мазкур жараёнда ҳар иккала тизим вакиллари томонидан бир қатор камчиликларга йўл қўйилгани билдирилиб, масъулияцизлик қилганлар танқид қилинди. Ўз навбатида ҳолатни ўнглаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шундан сўнг республикамиз раҳбарининг 2022-йил 21-февралдаги “Эр участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлашга оид масала кўриб чиқилди. Мазкур жараёнда ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олиш, фойдаланиш, талон-торож қилиш каби қонунбузарликларга қарши курашиш ҳамда профилактик ишларни самарали амалга ошириш режалаштирилди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Ростда” мухбири.
Жиззах вилояти.
