Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замирида фуқароларнинг ижтимоий масалалари ечимидан тортиб, жиноятчиликни барвақт олдини олиш, маҳаллаларни хавфсиз ҳудудга айлантириш ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни жойида бартараф этиш асосий вазифа этиб белгиланган, десак муболаға бўлмайди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш ишлари ҳар бир шаҳар-туманларда «маҳаллабай», “хавфсиз хонадон”, “хавфсиз ҳовли” ва «фуқаробай» усулларида олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Навоий вилоятининг барча туман-шаҳарларида бўлиб, жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш ишларининг аҳволи ҳамда ички ишлар органларининг қуйи тизимлари фаолиятини ўрганмоқда.

Жумладан, вилоят марказидан 300 чақирим узоқликда жойлашган олис Учқудуқ, Томди туманлари ҳамда Зарафшон шаҳрининг маҳалла ва овулларида истиқомат қилувчи аҳолининг мавжуд муаммолари ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан Учқудуқ тумани ҳудуд жиҳатдан йирик туман ҳисобланиб, 13 та Маҳалла фуқаролар йиғинлари ва Овул фуқаролар йиғинларини ўз ичига олади. Туман ҳудудидаги криминоген вазият, фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жиноятларни маҳаллалар кесимида олдини олиш борасида қилинган ишлар кўздан кечирилди. Шунингдек, Туман ички ишлар бўлимида ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳам ўрганилиб, керакли тавсиялар берилди.

Ишчи гуруҳ вакиллари Зарафшон шаҳридаги 36-сонли "Ёшлик" маҳалласи ҳуқуқ-тартибот масканида бўлиб, дастлаб маҳаллада яратилган шарт-шароитлар билан танишишди. Ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва жиноятчиликни «маҳаллабай» жиловлаш ишлари аҳволи таҳлил қилинди. Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, мазкур маҳалла ўтган йили жиноятчилик ошган ҳудудлар сирасига кирган бўлса, жорий йилда маҳалладаги криминоген вазият ижобий томонга ўзгарган. Профилактика инспектори ҳамда маҳалла фаолларининг ҳамкорлиги эндиликда ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.

Маҳалла нуронийлари билан суҳбат чоғида, уларнинг ёш авлодни тарбиялашда кўрсатаётган жонбозлиги орқали юртимизнинг ривожланишига ҳиссаси катта эканлиги таъкидланди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда кекса нуронийларимиз маҳалларимиз ободлиги ва фаровон турмушимиз учун шукрона келтиришди.

Кун кеч бўлишига қарамай ишчи гуруҳ вилоятнинг яна бир олис ҳудуди – Томди туманига ташриф буюрди. Қизилқум чўлининг қоқ марказида жойлашган туман аҳолиси бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан четда қолгани йўқ. Меҳмонлар туманнинг 165-сонли «Ақтов» маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур маҳаллада 2020-2021-йилларда бирорта жиноят содир этилмаганлиги эътироф этилди.

Аввал хабар берганимиздек, ишчи гуруҳ аъзолари алоҳида йўналишлар бўйича кичик гуруҳларга бўлиниб, вилоятнинг барча туман-шаҳарлари ҳамда 33 та криминоген вазияти оғир ҳисобланган маҳаллаларда амалга оширилган ишлар аҳволини кўздан кечирмоқда.

Ишчи гуруҳнинг Навоий вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати