Шуҳрат Нурбоев асли Хатирчилик. Кўп йиллар фермер хўжалигида ҳисобчи бўлиб ишлаган. Фарзандларини вояга етказиб, ўқимишли қилди. Ёшлигида турли сабаблар туфайли олийгоҳга кириш имконияти бўлмаган бўлса-да, у орзуйидан ҳеч қачон воз кечмади, илм йўлидаги иштиёқи кўпайса кўпайдики, асло сўнмади.
Ниҳоят 2023-йилда Навоий давлат университетида “Кимё” йўналишига таълим гранти асосида қабул қилинди. Эшитганларнинг баъзилари “Нафақадаги одамга ўқишни, дипломни нима кераги бор,” деб секин кинояли кулиб қўярди. Аммо кўпчилик уни қўллаб-қувватлади. Қолаверса, баъзи - ўқишга ҳафсала қилмайдиганлар учун “мотивасия” бўлди десак, адашмаймиз.
Шуҳрат ака айни пайтда набираси тенги ёшлар билан таълим олмоқда ва бундан уялмайди. Бу ёшда сизга ўқиш нега керак, деб сўрашса “Фарзандларимни ўқитдим. Энди навбат ўзимга. Илм олишнинг эрта-кечи йўқ. Бешикдан қабргача илм изла, дейишган-ку. Невараларим “Бобом ўқимаган экан” демаслиги учун ўқияпман, олий маълумотли бобо бўлишим керак”, - дейди ҳазил аралаш Шуҳрат Нурбоев.
63 яшар талаба ҳар куни бошқа талабалар қатори дарсга киради ва курсдошлари билан амалий машғулотларда қатнашади. Кимёвий масалаларни назарий ва ҳатто амалиётда хатосиз бажарадики, бошқа талабалар ундан ибрат олишади. Севимли машғулоти китоб ўқиш – университет кутубхонаси унга ҳақиқатда маънавий завқ бағишлайди. Дарсдан ташқари ҳолатларда ҳам у курсдошларига ҳаётий сабоқлар, тавсия-ю ўгитлар бериши гуруҳ рейтингига ижобий таъсир кўрсатяпти.
Ҳам пенсия ҳам стипендия олган киши ҳақида эшитганмисиз. Ўша менман. Пулларимни невараларимга совға-салом олишга сарфлайман - дейди, иштиёқи баланд, юзи нурли 63 ёшли талаба бобо.
Маҳлиё ХОЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.
