Ахборот технологиялари ва интернет тармоғи ривожланиб боргани сари, афсуски, кибержиноятчилар томонидан ғаразли ниятларда аҳолининг пул маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ана шундай қилмиш фош этилди.
Бир гуруҳ шахслар Фарғона шаҳар “Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қаватли уйларнинг биридаги хонадонда вақтинча яшаб, “Cрйпто Бот” номли дастурий платформа орқали қонунга хилоф равишда крипто-активларни турли хил крипто-биржалар орқали айирбошлаш фаолияти билан шуғулланиб келишган.
Тезкор тадбир давомида уларнинг персонал компютер воситаси, ноутбук, 8 дона турли хил русумли мобил қурилмалари, Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари алоқа компанияларига тегишли СИМ-карталар далилий ашё тариқасида олинди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилиб, жиноий гуруҳга алоқадор ҳолатлар ўрганилмоқда.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.
