Аксарият инсонлар, айниқса, кекса ёшли кишиларда кўп учрайдиган қабзиятнинг юзага келишига камҳаракатлилик, нотўғри овқатланиш ёки ичак касалликлари сабаб бўлади. Бунда уй шароитида ўзига-ўзи ёрдам кўрсатишнинг оддий, лекин самарали усули мавжудлигини, бунинг учун ушбу дарддан халос этишга кўмаклашувчи маҳсулотларни таомномага киритиш кифоя эканини кўпчилик билмайди.
Қуйида эътиборингизга ҳавола этиладиган неъматлар овқат ҳазм қилиш тизимини ножўя маҳсулотлардан, жумладан, токсинлардан тозалашга ёрдам берувчи ҳамда моддалар алмашинувини рағбатлантирувчи клетчаткага бой.
Олхўри қоқиси табиий моддаларни ўз ичига олган самарали восита бўлиб, енгил бўшаштирувчи таъсирга эга. Ушбу қуруқ мевани мунтазам истеъмол қиладиган одамлар ич қотиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаслиги исботланган. Бунинг учун кунига 100 грамм атрофида олхўри қоқисини ейиш кифоя.
Олма фойдали моддалар ва витаминларга бойлиги туфайли қабзиятга қарши курашишда яхши кўмакчи саналади. У перисталтика (ошқозон ва ичакларнинг тўлқинсимон керилиш ва сиқилиш ҳаракатлари)ни тиклайди, таркибидаги пектин моддаси ҳужайралардаги сувни ичак бўшлиғига узатади ҳамда қорин дам бўлишини бартараф этиб, ичак микрофлорасига ижобий таъсир кўрсатади.
Нок таркибида фруктоза ва сорбитол мавжуд бўлиб, улар дефекация (ич бўшалиши)ни тезлаштиради. Бошқа маҳсулотлар каби ушбу мевани ҳам бутун ҳолда истеъмол қилиш ёки салат ва бўтқаларга қўшиш мумкин.
Кивининг мунтазам истеъмоли ичаклар бўшалишини енгиллатиши аллақачон исботланган. Ҳар куни 2–3 дона киви есангиз, ичсурги дорилардан воз кечсангиз ҳам бўлади. Бу унинг ўсимлик толаларига бойлиги билан изоҳланади. Киви таркибидаги актинидин ичакда овқат ҳазм бўлишини ва перисталтикани тартибга солувчи муҳим ферментдир.
Цитрусли мевалар: апелсин, мандарин ва грейпфрут ичаклар фаолиятини меъёрлаштирувчи ҳисобланиб, иммунитет ва томирлар саломатлиги учун зарур бўлган С витамини, шунингдек, қабзиятга қарши курашувчи ўсимлик толалари кўп. Уларни истеъмол қилиш асносида витамин ва микроэлементлар мажмуини қабул қиласиз.
Исмалоқ ва бошқа яшил сабзавотлар ҳам қабзиятга мойиллиги бор инсонлар рационида бўлиши керак. Улар ичак деворлари қисқаришини яхшилайди. Бундан ташқари, барча кўкат ва сабзавотлар бутун организм саломатлиги учун зарур бўлган С, К ва В витаминларига бой. Шунингдек, ушбу маҳсулотлар вазн ташлашни ният қилганлар учун парҳез таом ўрнини босади.
Ровоч ич суриш хусусиятига эга табиий восита. Ушбу ўсимлик таркибида ичак қисқариши ва дефекацияни тезлаштирувчи А сеннозиди бор.
Зиғир уруғи полисахаридларнинг яна бир ажойиб манбаидир. Унинг мунтазам истеъмоли дефекацияни жадаллаштиради, ичак бўшалиши мунтазамлик касб этишини таъминлайди. Чекловлар мавжуд бўлгани боис зиғир уруғини эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиш лозим. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, ёш болалар зиғир уруғини қабул қилмагани маъқул.
Буғдой унидан тайёрланган жавдари нон ҳам қабзиятдан халос этишда самарали таъсирга эга. Негаки, ушбу маҳсулот дефекацияни енгиллаштиради, ичак перисталтикасини меъёрлаштиради.
Сули ёрмаси (овсянка) нафақат ичак, балки бутун организм учун фойдалидир. У нафақат пересталтикани меъёрлаштириб, ичаклар бўшалишини яхшилайди, балки яллиғланишни бартараф этиб, ични юмшатади. Сулидан тайёрланган бўтқани нонушта маҳали мунтазам истеъмол қилиш сизни қабзият билан боғлиқ муаммолардан халос этади.
Кефир азалдан ўз фойдали хусусиятлари билан машҳур. Ушбу сут маҳсулотининг таркибида ичаклардаги микрофлорани сақлаш ва тиклаш учун зарур бўлган лакто ва бифидо бактериялар мавжуд. У қорин дам бўлишини йўқотади. Бундан ташқари, енгил сурги сифатида таъсир кўрсатиб, дефекацияни яхшилайди.
Хуллас, ич суриш хусусиятига эга дори воситаларини қабул қилишдан аввал муаммони табиий воситалар ёрдамида ҳал қилишга уриниб кўринг. Юқорида келтирилган маҳсулотларни ўз таомномангизга секин-аста киритинг ва натижа тез орада намоён бўлади. Тўғри ва ўз вақтида овқатланиш, жисмоний фаоллик ва доимо ҳаракатда бўлишни унутманг.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
