Вобкент тумани ИИБ ҳамда ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан 2-сонли мактаб ўқувчилари учун ноодатий шаклдаги маҳорат дарси ўтказилди. Тадбир мактаб ҳовлисида саф тортган ходимлар иштирокида, кенг кўламли амалий кўргазма тарзида ташкил этилди. Унда ички ишлар органлари томонидан хизмат фаолиятида қўлланиладиган замонавий қурол-яроғлар, жиноятларни иссиқ изидан очишда қўл келадиган техник воситалар, шунингдек, махсус техника ва асбоб-ускуналар ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинди. Ёшлар уларни яқиндан кўриб, имкониятлари ҳақида мутахассисларнинг тушунтиришларини тингладилар.

   Бундан ташқари, туман ФВБ ходимлари томонидан фавқулодда ҳолат юз берганда тўғри ҳаракатланиш, хавфсиз эвакуация тартиби ҳамда мактаб ҳудудидан беталофат чиқиш бўйича назарий ва амалий машғулотлар ҳам ўтказилди. Мазкур тадбир ўқувчиларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолияти ва хизматда қўлланиладиган техник воситаларни яқинидан кўриш имконини берди. Шу билан бирга, ёшлар фавқулодда вазиятларда ўзини тўғри тутиш кўникмаларини ҳам амалда синаб кўришди.

С.РАШИДОВ,

капитан.

Бухоро вилояти.