Касб фидойиси

Сирдарё вилояти ИИБ «102» хизматига Гулистон тумани «Юлдуз» маҳалласи, «Шодлик» массивида «Гентра» русумли оқ рангли автомашина йўқолганлиги тўғрисида хабар келиб тушди. Маълум бўлишича, Н.Н. исмли аёл эрталаб автомашинасини қиздириш учун ўт олдирган ва нарсаларини олиш учун уйига кириб кетган. Қайтиб чиқса, автомашина жойида йўқ. 

Тезкор хабар асосида ҳудуддаги барча профилактика, ЙҲХ инспекторлари, тезкор ходимлар оёққа турди. Жумладан, Гулистон тумани ИИБ «Бахмал» маҳалласининг профилактика инспектори, лейтенант Сардор Қосимов ҳам қидирув ишларига жалб қилинди. Унинг «Юлдуз» массивидан Гулистон шаҳрининг кириш қисмигача бўлган қидирув ишлари ўз самарасини беради. «Гентра» шаҳарнинг 6-мавзесига кириш қисмида ташлаб кетилган ҳолда топилди. Криминалистик экспертиза натижасида уни Гулистон туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган Н. исмли шахс олиб қочгани аниқланди. У бу ишни қилаётганда маст ҳолатда бўлганини айтган. Автомашина ва ундаги нарсаларга зарар етказилмаган. Ҳозирда унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Лейтенант Сардор Қосимов Янгиер шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 2021 йилдан бери ички ишлар тизимида хизмат қилиб келмоқда. 

Ўз мухбиримиз.

Сирдарё вилояти.