2009-йилнинг баҳори эди. Ўғлим Шерзоджон Низомов навбатчиликни топшириб, хизматдан уйга қайтаётганда автоҳалокатга учраганлигини эшитиб, юрагимдаги ҳамма томирлар узилиб кетгандай бўлди. Касалхонага қандай етиб борганлигимни билмайман. Шифокорлар қанчалик уринмасин, боламни сақлаб қолишолмади. Ҳеч ким дилбандига мотам тутмасин экан...
Фарзандим билимли эди, шунинг учун Жиззах давлат педагогика институтини тамомламасдан туриб, ўзи ўқиган мактабга ишга олишди. 3 йил ўқитувчилик қилди ва бир куни кутилмаганда «Ички ишлар органлари ходими бўлмоқчиман, қарши эмасмисиз?», деб сўради. Очиғи, озроқ иккиландим. Назаримда, ўғлим кўнгилчан, содда эди.
Аммо унинг кўзларидаги қатъиятни кўриб рози бўлдим. Балки ҳаётнинг ўзи уни пишитишига ишонгандирман. Қисқаси, Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасига ҳужжатларини топшириб, синовлардан муваффақиятли ўтди. Кейин ИИВ Академияси қошидаги сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсида ўқиди.
Ана шу ярим йил фарзандимни буткул ўзгартирди, у жиддий ва салобатли бўлиб қолганди. Эгнига ярашиб турган формани кўриб, оиламиз аъзоларининг қалбини фахр ҳисси тўлдирди. Ўғлим дастлаб Пахтакор тумани, сўнг Арнасой тумани ИИБ ёнғин хавфсизлиги тизимида фаолият кўрсатди. Бўш вақти кам бўлишидан хизмати оғирлигини ҳис қилардим. Яна шуни сезардимки, у яхши ходим бўлишга астойдил интиларди.
Болам вафот этганидан сўнг мен учун ҳаёт тугагандек туюлди. Анча вақтгача ўзимизга кела олмадик. Айниқса, онаси эзилиб кетди. Ундан қолган икки фарзандгина кўнглимизни қоплаган зулматни қуварди. Набирам Шоҳжаҳон Исломов отасининг изидан боришга астойдил ҳаракат қилди. Шу мақсадда ИИВ «ЖАР» спорт-соғломлаштириш мажмуаси қошидаги ҳарбийлаштирилган мактаб-интернатда, кейин Темурбеклар мактабида ўқиди. Бўйининг бироз пастлиги сабаб, ИИВ Академиясига кира олмади. Шу боис Тошкент шарқшунослик институтининг жаҳон сиёсати йўналишида таълим олди. Айни вақтда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий тадқиқот институтининг халқаро алоқалар ва маркетинг бўлими бошлиғи. Шунингдек, Тошкент давлат юридик университети магистранти.
Отаси ҳаётдан кўз юмганида 1 ёшда бўлган иккинчи набирам Низомжон эса, бу йил мактабни тугатиб, молия ходими бўлмоқчи. Набирамнинг нияти ушалишига ишонаман, чунки астойдил ўқияпти. Ўғлимнинг турмуш ўртоғи Гулноза вилоят ИИБ Тиббиёт бўлимида ҳамшира бўлиб ишлайди.
Болам ҳаёт бўлганида бу йил 45 ёшга тўларди. Уйимнинг бир хонаси деворларига Шерзоджонимнинг суратларини осиб қўйганмиз, анчагина буюмлари сақланаяпти у ерда. Боламни соғинганимда шу хонага кираман...
Исломжон РАИМЖОНОВ.
Жиззах вилояти
Шароф Рашидов тумани.
