Наманган вилояти ИИБ ТЖХТБ профилактика инспекторлари томонидан доимий равишда темир йўл ҳудудида жойлашган маҳаллалар, ўқув муассасалари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарида профилактик суҳбатлар олиб борилади. Шунингдек, белгиланган ҳудудларда “Диққат, темир йўл!” тадбири ўтказилади.

Аммо тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилса-да, кўнгилни хира қиладиган ходисалар учраб тураётгани ташвишланарли. Йўл қатнов қисмида вояга етмаган ёшларнинг қулоқчиндан фойдаланиши, пиёдалар, автомашина ҳайдовчиларининг йўл қоидаларига риоя қилмасликлари оқибатида турли бахциз ҳодисалар келиб чиқмоқда. 

  Хусусан, жорий йилнинг 6 март куни соат 22:35 ларда Чортоқ-Наманган темир йўл бекатлари оралиғининг қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида 1989-йилда туғилган Ж. Маҳмудов "Дамас" русумли автомашинани бошқариб бораётган вақтида тўхташ белгисига амал қилмай ҳаракатлангани учун автотранспорт ҳодисаси келиб чиққан.

 Чортоқ туманида яшовчи фуқаро М. Қодирова ҳаракатланиб кетаётган пайтда чап темир йўл изига яқин турган. Поэзд шошилинч тормоз берса-да, лекин аёлни туртиб юборган. М. Қодирова Чортоқ туман тиббиёт бирлашмасига юборилган ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

 Наманган-Чортоқ бекатлари оралиғида вояга етмаган, 2009-йилда туғилган М.Орипов варрак учириб ўйнаётган вақтида электр симига илиниб қолган варракни олишга уринганида юқори кучланишли электр токи урган ва бола тан жароҳати олган. Бундай нохуш мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

 Юқоридаги каби кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш учун тушунтириш ва тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз керак. Шунингдек, аҳоли ҳам бу тадбирлардан ўзига тегишли хулосалар олиб, масъулиятли, ҳушёр ҳамда огоҳ бўлиши лозим.

Олимжон НОСИРОВ,

капитан.

Наманган вилояти.