Асли Хатирчи туманида туғилиб вояга етган Азим Шодиев ўқувчилик давридаёқ ҳуқуқий мавзуда мақолалар ёза бошлади. Кейинроқ билимларини Навоий давлат педа­гогика институти тарих-ҳуқуқ йўналишида ўқиб, янада бойитди. У мана тўрт йилдирки, Кармана тумани «Варқ» маҳалласида профилактика инспектори лавозимида хизмат қилмоқда.

Мазкур маҳаллада ўзбек, тожик, рус ва татар миллат вакиллари аҳил-иноқ яшашади. Ҳудуднинг осойишталигига масъул катта лейтенант Азим Шодиев куннинг қайси вақтида бўлмасин, маҳалла аҳлининг муаммоларини ҳал этишдан, оғирини енгил қилишдан эринмайди.

– Оила мустаҳкам, тинч бўлса, жамият ҳам осойишта, фаровон бўлади. Шу боис оилалар тинчлигига алоҳида эътибор қаратамиз. Аввало низо чиққан оиланинг турмуш шароитини, ижтимоий аҳволини ўрганамиз, ишсиз оила аъзолари бандлигини таъминлаймиз, – дейди катта лейтенант Азим Шодиев.

Маҳалланинг Бирдамлик кўчасида жойлашган 187-уйнинг пештоқида Ватанимизнинг Давлат байроғи ҳилпираб туради. Боиси, бу хонадонда лавҳамиз қаҳрамони истиқомат қилади.

– Азимжон эрта-ю кеч маҳалламиз аҳлининг ташвиши билан яшайди. У фарзандларимиз, набираларимизни тўғри йўлга бошлаш борасида жон куйдиради. Инспекторимизнинг хизматидан кўнглимиз тўқ. Ҳар доим унинг ҳақига дуо­дамиз, – дейди маҳалланинг пири бадавлат нуронийларидан Ахтам бобо Султонов.

– Ўтган йили биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида ҳуқуқбузарликлар нисбатан камайди. Ҳудудда жиноий ҳолатларни кескин камайтириш учун унинг туб илдизи, сабабларини маҳалла аҳли билан бирга таҳлил этяпмиз, – дейди катта лейтенант А. Шодиев.

 

Маҳлиё ХОЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.