«4-синфда ўқиётганимда онамнинг суратини чизганман. Уни тасвирий санъат устозимга кўрсатганимда, роса ҳайратланиб, мени мақтаганди. Шу-шу, устозим менга алоҳида эътибор қила бошлади. Уйда ҳам бўш бўлдим дегунча, бирор-бир нарсанинг суратини чизишга ўтирардим. Чизган суратларимни хонамга илиб қўйганимда, яқинларим кўриб, «Бу қизда истеъдод бор, у келажакда яхши рассом бўлади», дейишарди. Бироқ онам «Дилфуза рассом эмас, ўқитувчи бўлади», дердилар. Мен мактабни, сўнг олий таълим даргоҳини тамомладим. Маълум вақт мактабда ўқувчиларга дарс бердим. Бугун эса ички ишлар органида хизмат қиляпман. Лекин тасвирий санъатнинг мўъжизавий оламидан айро бўлолмадим».

Аслида ҳар бир одамнинг ичида истеъдод яшайди, дейишади. Бу гап рост. Фақат кимдир уни юзага чиқара олади, кимдир эса йўқ. Қаҳрамонимиз капитан Дилфуза Чоршанбиэвада ҳаммада ҳам учрамайдиган қобилият бор. У бугун Сурхондарё вилояти ИИБ М ва ФРБ Ўзбекистон Рес­публикаси фуқароларининг хорижга чиқишларини расмийлаштириш гуруҳи инспекторигина эмас, балки ажойиб рассом ҳамдир.

 Унинг тасвирий санъатга қизиқиши юқорида ўзи тасвирлагандек бошланган. Аммо ҳаётда ҳамма ҳам ўзи истаган йўналишдан боравермайди. Дилфуза бундан афсус қилмайди. Чунки у меҳнат қилаётган касб машаққатларини хоббисига айланган рассомлик ювиб юборади.

– Доимий равишда турли кайфиятдаги одамлар билан мулоқот қилганимиз сабаб, кўпинча уйимга ишдан ҳорғин ҳолда қайтаман, – дейди капитан Д. Чоршанбиэва. – Уйдаги юмушларни бажариб, ҳамма ёқни саранжомлагач, тунда илҳомим келган вақтларда сурат чизишга ўтираман. Кўпинча яқин инсонларимни, тарихий шахсларнинг портретини яратишни яхши кўраман. Асаримни якунлагач, уни кўриб, барча чарчоғим, ғуборларим тарқаб кетади. Қушдек енгил бўламан.

Дилфуза Чоршанбиэва шу йили вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ўртасида ўтказилган «Амир Темур ўғлонлари» ва «Жалолиддин Мангуберди ворислари» кўрик-танловида тасвирий санъат йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритди. Бу унинг илк танлови, илк иштироки ва ғолиблиги бўлди.

– Танловларда сира қатнашмаганман, бироқ бу иштироким менга бошқача мотивация берди. Ўз устимда ишлашим кераклигини тушундим. Ҳозир сомон ёрдамида портрет яратишни ўрганяпман. Сомон санъатида ишлашнинг ҳам ўзига хос шавқи бор экан. Унинг ёрдамида саркарда Амир Темурнинг от миниб турган суратини ишладим. У кўпчиликка маъқул келди.

 Дилфуза бугун уч фарзанднинг онаси. Турмуш ўртоғи ҳам профилактика инспектори бўлиб ишлайди.

– Баъзан фарзандларим ҳам атрофимга тизилишиб, акварел бўёқлар билан расм солишади, — дейди қаҳрамонимиз. — Уларни кўриб, менинг ҳам завқим ошади. Ҳар ҳолда, тасвирий санъатга меҳрлари бошқача эканлигидан қувонаман. Чунки бу санъат болаларнинг наинки тасаввурини кенгайтиради, балки руҳиятидаги кемтикликларни ҳам тўлдиради. Муҳими, ҳаётни турфа рангларда кўра олиш кўникмаси шаклланади.

Дилфузанинг тахайюл олами кенг. У ҳаётни ёрқин бўёқларда акс эттиришни ёқтиради. Буни унинг тарих ва бугун ҳақида чизган кўп­лаб суратларида, пейзажларида ҳам кузатиш мумкин. Қолаверса, у Бобур, Амир Темур, Тўмарис, Жалолиддин Мангуберди каби буюк шахсларнинг портретини маҳорат билан яратган. Яна унинг инспекторнинг бахтиёр оиласи, куз тасвири ифодаланган суратлари ҳам анча жонли чиққан.

Ҳаётда ҳаммамиз синовдан, ўтаётган вақтимизда нимадандир куч олиб, илинж топиб яшашга уринамиз. Бу бизни эртанги яхши кунлар умиди билан ҳаёт кечиришга ундайди. Дилфуза ана шу кучни, илинжни, мўйқалам сеҳридан, ажиб рангларнинг меҳридан олади. Шуларнинг ундови билан катта-катта орзулар, мақсадлар сари дадил қадам ташлайди. Биз унинг дадил одимлари қатъий, ютуқлари ҳам шу орзулар каби юксак бўлишини истаймиз.

Феруза Раҳмонқулова,

«Постда» мухбири.

Сурхондарё вилояти.