Мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бундай эътибор ва ғамхўрликдан энди тадбикорлик фаолиятини бошлаётганлар ҳам самарали фойдаланишяпти. Аммо гуруч курмаксиз бўлмас экан. Демоқчимизки, баъзи бировлар берилган имкониятнинг қадрига етмаяпти, ҳатто яратилаётган шарт-шароитларни суиистеъмол қилаётганлар ҳам бор.

Навоий вилоятининг Навбаҳор тумани “Хашман” маҳалласида истиқомат қилаётган 31 ёшли Аброр (исми ўзгартирилган) тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида Халқ банкининг туман филиалидан 30 миллион сўм кредит олган эди. “Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним” деганларидек, мана 6 ойдирки, у кредитни қайтарай демайди. Вақт ўтгани сари қарзи “болалаяпти”. 

Шу боисдан филиал раҳбарияти қарзни ундириш чора-тадбирларини бошлаб юборди. Охирги икки ой давомида филиал ходимаси банкка келишини ва кредитни тўлашини сўраб унга бир неча марта мурожаат қилди. Ахири Аброр банкка келди. Ходима эса бу ҳақда раҳбариятга хабар берди. У раҳбарнинг хонасидан чиқаётиб Аброр билан гап талашиб қолди. Йигит уни уриб, тан жароҳати етказди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.