Рустамжон қатъият ва ҳалолликка йўғрилган хизмат йўлидаги фаолияти билан қисқа вақт ичида ҳамкасблари ва раҳбариятнинг ишончини қозонди. Зиммасига юклатилган ҳар бир ишга виждонан ёндашадиган терговчи яқинда хавфли ресидивистлар томонидан амалга оширилган босқинчилик ва фирибгарлик ҳолатини фош этди.
Айбловга кўра, жиноятчилар жабрланувчига оғир тан жароҳати етказиб, катта миқдордаги маблағни қўлга киритишган. Тергов натижасида улардан пул маблағлари, уяли телефон, кийим-бош ва бошқа ашёвий далиллар олинган. Шу билан бирга, гумон қилинувчининг бошқа шахсларга нисбатан амалга оширган бир неча фирибгарлик ҳолатлари ҳам фош этилди. Терговчининг пухта иш услуби, далилларга таянилган таҳлилий ёндашуви, ишни охиригача етказиш масъулияти натижасида ушбу жиноят ҳақиқати тикланди.
Ўз вазифасига масъулият билан ёндашиб, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни олий бурчи деб билган Рустам Мамажоновнинг тарбиясида меҳнацевар ота-онасининг ўрни катта. Янгиқўрғондаги мактабда кўп йиллардан бери ўқитувчи бўлиб ишлаб келаётган Аҳмаджон домла ва Мастурахон опа ҳалоллик ва сидқидилликни Рустамжонга болалигидан сингдиргани аён. Шундай жасоратли ва масъулиятли ёшлар соҳа шаънини юксак тутаётгани, халқ осойишталиги йўлида ҳалол меҳнат қилаётгани юртимиз келажагига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Катта лейтенант Рустам Мамажонов шундай бурчни севиб адо этаётган ёшлар сафида. Унинг ҳалол хизмати, сабр-тоқати ва ҳақиқат йўлидаги интилиши соҳа фидойиларининг ҳақиқий қиёфасини
намоён этади.
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ,
ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
