Фарғона вилоят ИИБ раҳбарияти ташаббуси билан “Ёшлар куни” доирасида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Жумладан, Фарғона техника университетида талабалар билан очиқ ташкил қилинган очиқ мулоқотда ёшларнинг таълим жараёни, келгусидаги режа ва мақсадлари, уларни қийнаётган муаммолар тингланди. Шунингдек, тадбир доирасида талабаларнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган кўргазма ҳамда техник ишланмалар намойиши ташкил қилинди. Ёш ихтирочилар томонидан тайёрланган лойиҳалар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Ҳарбий қисмда эса ички ишлар органлари оталиғига олинган “Жасорат мактаби” ўқувчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда ватанпарварлик, интизом, жасорат ва масъулият туйғуларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳуқуқшунослик коллежи ўқувчилари иштирокида гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги муносабати билан тарғибот тадбири ташкил этилди. Унда гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг инсон саломатлиги, оила ва жамият ҳаётига салбий таъсири ҳақида аниқ мисоллар асосида маълумотлар берилди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.
