Ўз меҳнатидан ҳузурланиб яшаш инсонга куч-қувват, ишонч ва шижоат бағишлайди. Лавҳамиз қаҳрамони – сержант Жахбар Баширов ҳаёти, фаолияти мисолида ҳам бунга яққол амин бўлдик. 

Самарқанд вилояти ИИБ ЖХХ ЖЦБ Патрулъ-пост хизмати баталъони ижтимоий-сиёсий, оммавий-маданий тадбирларни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш отряди гуруҳ командири ўринбосари, сержант Жахбар Баширов 

23 йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилиб келади. Фидокорлиги ва ташаббускорлиги боис раҳбарият томонидан бир неча бор рағбатлантирилган. 

Ҳаёт қора ранглардан иборат эмас. Ёмғирдан сўнг камалак чиқади. Мусибатлар қаршисида ожиз қолдингизми, руҳан тушкунликка тушманг. Матонат билан ҳаёт қи­­йинчиликларни енгиб ўтинг. Олға интилган инсон, албатта, муродига етади. Бу сўзлар Жахбар Башировнинг шиорига айланган. У ўз устида ишлашдан, билим ва тажрибасини бойитишдан эринмайди. Ҳамкасблари билан соҳага доир мавзуларда суҳбатлашади, ўзаро фикр алмашиб, билмаганларини ўрганиб, ўзида борини ёшларга улашади.

– Ҳамкасбим ўз ишига талабчан, – дейди сафдор Жамшид Нурматов. – Жамоада ўз ўрни бор, дўстларига ёрдам беришга тайёр. Қийинчилик­лардан чўчимаслигини, барчага бирдек муомалада бўлишини алоҳида айтиш жоиз.

Жахбар Баширов турмуш ўртоғи Марғубахон билан 4 нафар ўғилни тарбияламоқда. Қай пайтда уйга келса-да, фарзандлари билан уларнинг келажакдаги мақсадлари хусусида суҳбатлашишга вақт топади. Тўнғич ўғли Иброҳимбек Самарқанд шаҳридаги Президент мактабида ўқийди. У яқинда хориждаги 27 та университетда таълим олиш учун грант ютиб олди.

– Фарзандларимнинг ўқишига нисбатан жуда қаттиққўлман, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Уларнинг яхши билим олиши учун ўзим ҳам кўп нарсани ўқиб ўрганаман. Чунки менга савол бериб қолишса, уларга тўғри жавоб беришим керак. Фарзандимнинг бу ютуғи оиламизни, айниқса, ота-онамни жуда севинтирди, шахсан менга бошқача куч беради. 

Ҳа, ўз касбига масъулият, бурчга садоқатни бир зум ҳам унутмайдиган сержант Жахбар Баширов хизматида ўз ўрнини топиш билан бирга, оила бахтини, фарзандлари иқболини муҳим деб билади. Режа тузиш, вақтни бекорга сарф қилмаслик, интизомли бўлиш ва тўғри қарор қабул қилиш унинг «омад формуласи»дир. 

Умида МАМАДАЛИЕВА.