Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 22-февралдаги қарори ижросига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, фавқулодда вазиятлар, маданият, маърифат, спорт, қурилиш, коммунал, кадастр, саноат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш ташкилотлари вакиллари қатнашдилар.
Йиғилишда вилоятда оммавий тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш комиссияси фаолиятига оид вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, маданият ва истироҳат боғлари, спорт иншоотлари ва сайилгоҳларда тадбир ўтказиш тартиблари, оммавий тадбир иштирокчилари учун тақиқланган ҳаракатлар ва предметлар хусусида маълумотлар берилди.
Бундан ташқари, оммавий тадбирлар ўтказиладиган объэктларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида муҳандислик тармоқлари ва техник мустаҳкамликка оид техник паспорт ишлаб чиқилганлиги, ушбу объэктлар бир йилда камида 2 марта ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилиши зарурлиги билдирилди. Шу маънода таркибида 13 та ташкилот ва идора вакиллари бўлган ишчи гуруҳи тузилди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, оммавий тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш комиссияларига вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиқлари раҳбарлик қилади.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Ростда” мухбири.
Жиззах вилояти.
