Яккабоғ тумани “Бешўғил” МФЙ ҳудудидан ўтувчи Қизилдарё бўйига бир гуруҳ фуқаролар дам олишга келишади. Дам олиш давомида аёллардан бири вояга етмаган фарзанди билан дарёга чўмилиш учун тушиб, сувнинг тезоқар қисмида ўз ҳаракатини бошқаролмай оқиб кета бошлайди. 

Бу пайтда шу ердан ўтаётган туман ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори, капитан Шербек Элмуродов вазиятни билгач, тезда дарёга тушиб, она-болани қутқаришга киришади. Тахминан юз метрларча оқиб келган она-болани дарёдан чиқариб олади. 

Суриштирувлар давомида Қизилдарёдан қутқарилганлар туманнинг “Эсат” Мфйда яшовчи С.Н. ва унинг боласи Э.С. экани маълум бўлди. 

Капитан Шербек Элмуродов 1990 йили Қарши шаҳрида туғилган. Қарши давлат университетини тугатиб, дастлаб Қарши тумани қишлоқ хўжалиги бўлимида ишлади, сўнг Қарши шаҳридаги қишлоқ хўжалиги коллежида ёшларга дарс берди. 

2017-йили ички ишлар органларига ҳужжат топширди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, дастлабки фаолиятини Яккабоғ тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори лавозимидан бошлади. Капитан Шербек Элмуродов ўтган вақт давомида берилган топшириқларни ўз вақтида бажариш билан бирга, ўз устида ишлаб, касбий, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини ошириб боришни канда қилмади. 

Айни кезларда тумандаги “яшил” тоифага мансуб “Бешўғил” маҳалласи фуқароларига хизмат кўрсатиб келаётган профилактика инспекторидан маҳалла фаоллари ва фуқаролар миннатдор. 

Дарвоқе, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 26-майдаги фармонига биноан, капитан Шербек Элмуродов “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланган. 

Содиқ РАҲИМОВ,

ўз мухбиримиз.

Қашқадарё вилояти.