«Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади.
Албатта, чет тилини билиш — замон талаби. Аммо она тилини билишни мажбур қилиш керак».
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва
Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан.
Она тили, шубҳасиз, бу ёруғ оламдаги энг қадрли, биз қизғаниб ва ардоқлаб яшайдиган муқаддас мўъжизалардан биридир.
Бугун болаларининг хорижий тилларни ўрганишини чин дилдан истаётган ота-оналар кўпчиликни ташкил этади. Албатта, кўп тилни билиш дунёга бўйлаш, юрт тараққиёти йўлида хизмат қилишда ёшлар имконияти янада кенгайишининг муҳим омилларидан бири. Аммо бу нарса она тилига нисбатан беписандлик ҳиссини шакллантириш эвазига бўлмаслигини ёшларга тушунтириш катталар, айниқса, ота-оналарнинг муҳим вазифаси, таъбир жоиз бўлса, бурчидир.
Афсус билан қайд этиш жоизки, оилада фарзандлари билан хорижий тилларда гаплашиши билан фахрланаётган ота-оналар орамизда учраб турибди. Бундан ташқари, она тилимизга хорижий сўзларни аралаштириб қўллаш ҳолатларига тобора кўникиб бораётганимиз ҳам катта фожиаларимиздан бири.
Табиийки, муомалага кириб келаётган ҳар қандай хорижий тил таъсири она тили ва миллий маданиятимизга соя солиши мумкин. Кўчага чиқишингиз биланоқ, дўконлар ёки бинолар пештоқидаги ёзувлар, рекламаларнинг турли хорижий тилларда ёзилганига кўзингиз тушади. Бу она тилимизга ҳурмацизликдан бошқа нарса эмас, аслида. Бу мавзуда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кўп ва хўп бонг урилаётганига қарамай, бирор ижобий натижага эришилмаётгани ачинарлидир...
Президентимиз ўз Мурожаатномасида она тилимизнинг қадри ва нуфузини ошириш бўйича куюнчаклик билан айтган фикрларини эшитарканман, ана шундай фикрлар хаёлимдан ўтди. Кези келганда, сўнгги йилларда ўзбек тилининг нуфузини ошириш бўйича давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида айтиб ўтиш лозим. Эътиборли жиҳати, бу халқаро майдонда ҳам ҳақли равишда ҳурмат билан эътироф этилаётганидир.
Кўнгилга таскин берадигани шуки, Президентимиз таъкидлаганидек, «Албатта, чет тилини билиш – замон талаби. Аммо она тилини билишни мажбур қилиш керак».
Хуршидбек РЎЗИЕВ,
подполковник.
