Бутун Мовароуннаҳр ўлкасидан келган вакилларга кўҳна Балх бағрини кенг очди. Саййидлар, уламолар, дарвешлар, савдогарлар тилидан Темурбек номи тушмас эди. Шу билан бирга ўз мустақиллигини сақлашни истаган Хоразм, Ҳирот, Марв ва бошқа шаҳарлардан келган вакиллар очиқдан очиқ Темурбекни «ўғри», «қароқчи» сифатида мазах қилишди. Чўлоқ, оқсоқ, дея устидан кулганлар ҳам бўлди. 

Аммо улар жойларда зикр тушганча Темурбек дея ҳайқираётган қаландарлар, дарвешлар важоҳатидан дамлари ичларига тушиб кетди. Совут кийган баҳодирлар авзойи ҳам яхшиликдан далолат бермасди. 

– Ким ислом динимиз ғалабасини тиласа, ўша Темур учун овоз берсин! 

Бундай ҳайқириқлар Балх шаҳрининг ҳар бурчагидан янграрди. Мунажжимлар эса атрофларига одамларни тўплаб, тунги осмонда чарақлаб турган юлдузларни кўрсатиб, Темурбек юлдузи порлаётганига ишора қилишарди. 

– Соҳиб-ул-қурон! – Мунажжимлар Темурбекка шундай унвонни, яъни юлдузлар султони унвонини тақдим қилишди. 

Асрий чинорлар атрофида йиғилган қурултой қатнашчилари ерга тўшалган кигизга қараб туришганда нақшбандийлар пири Мир Саййид Барака Темурбекни улар олдига етаклаб келди. 

– Темурбек! – деди пир унга. – Халқдан сўрангчи, у Сизни истайдими? 

Минглаб ҳайқириқлар унинг товушини босиб кетди: 

– Сен бизнинг султонимиз!

– Сен – ислом қиличи!

– Соҳиб-ул-қурон!

Мир Саййид Барака Темурбекни кигиз олдига келтириб, баланд овоз билан унга мурожаат қилди:

– Халқ номидан шуни айтаман сенга, Темурбек! Сенга фақат Аллоҳ иродаси-ю адолатгина қонун бўлсин. Ўдингда тут: Аллоҳ Таоло иродасига риоя қил, борди-ю адолатдан чекинсанг, мана шу кўз олдингда турган кигиз парчасидан маҳрум бўлгайсан. 

Темурбек пир гапини тугатгач, халққа қараб ўз сўзини айтди: 

– Сизларни чорлаганимда олдимга келасизларми?

– Ҳа, ҳа, албатта! – жўр бўлишди минглаб овозлар. 

– Қаерга етакласам ўша ёққа борасизларми?

– Борамиз! Борамиз! 

Қасамёд маросими якунида Мир Саййид Барака унга олтин камар, ҳашамдор қилич ва ёқут исирға топширди. Ноғоралар, карнай-сурнайлар садоси остида саййидлар ва саркардалар Темурбекни кигизга солиб, осмонга баланд кўтаришди. 

– Аллоҳу Акбар! – дея уч марта тепага кўтариб пастга туширишди. Шундай қилиб ҳижрий 771 йил (мелодий 1369 й.) 10-рамазон тунида Темурбек Мовароуннаҳр ҳукмдори қилиб сайланди. 

– Биз саййидлар, жангчилар ва халқ Темурбекни Кўрагон қилиб кўтардик, – деб ёзилган эди қурултой ҳақидаги турли элларга юборилган хабарномада, – ва биз унга барчамиз итоат қилишимиз ҳақида қасамёд қилдик. 

Темурбек Балхдан Кешга ўтиб, отаси амир Тарағай қабрини зиёрат қилди. Сўнг ўзи пойтахт деб эълон қилган Самарқанд сари йўл олди. Мовароуннаҳрда тарқоқлик тугаб, марказлашган ҳокимият вужудга келмоқда эди. У тарихга темурийлар давлати сифатида кирди. 

Ҳамдам Содиқовнинг 

«Амир Темур ҳаётидаги ғаройиботлар» китобидан олинди.