ИИВ Малака ошириш институтида ички ишлар органларининг офисер ва сержант лавозимларига тўғридан-тўғри танлов асосида қабул қилинган ходимлар учун махсус касбий тайёргарлик курси якунланиб, тантанали равишда битирув маросими бўлиб ўтди.

Уч ой мобайнида Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналиши бўйича таҳсил олган тингловчилар махсус бошланғич ўқув тайёргарлигидан ўтказилди.

Вазирлик соҳавий хизматлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув дастурлари асосида ташкил этилган мазкур ўқув курси ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ва соҳавий хизматларнинг тажрибали амалиёт ходимлари томонидан нафақат анъанавий усулларда, балки замонавий ахборот коммуникасия технологиялари ҳамда интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда олиб борилди.

Тантанали тадбирда сўзга чиққан таълим муассасаси бошлиғи, полковник Олимжон Ахмедов ва бошқалар Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026-йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ҳамда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширилиши режалаштирилган давлат дастурида адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз хавфсизлигини кучайтириш борасида ички ишлар органлари олдига ҳам бир қатор муҳим вазифалар қўйилганлигини таъкидлади.

– Ўйлайманки, бу ерда ўрганганларимиз келгуси хизмат фаолиятимизни тўғри ташкил этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади, – дейди Шайхонтоҳур тумани ИИОФМБ профилактика инспектори, лейтенант Азизбек Ахмедов. – Айниқса, юртбошимизнинг «Инсон тақдирини ҳал этишда ходимнинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида эса поклик устувор бўлиши шарт» деган пурмаъно сўзларини доимо ёдимда сақлайман. 

Тадбирда ўқув дастури талабларини тўлиқ ўзлаштирган, якуний синовларни муваффақиятли топширган ёш ходимларга дипломлар тантанали равишда топширилди. Шу билан бирга, касбий билимларини ошириш, амалий кўникмаларини такомиллаштириш, дунёқарашини кенгайтиришда юқори кўрсаткичларга эришгани ва намунали хулқи учун бир гуруҳ тингловчилар фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

Михли САФАРОВ,

«Постда» мухбири.

Подполковник Шерали АНВАРОВ олган суратлар.