Саҳарги уйқу ширин бўлади, дейишади. Аммо ички ишлар органлари ходимлари бундай уйқуни фақат тушида кўради. Кўрганда ҳам, улай-булай эмас, ҳафталаб мириқиб ухлагандай ҳис қилишади. Сўнг яна хизматга...
Капитан Авазов ҳам ҳозиргина ширин уйқудан уйғонгандай бир керилиб, тамшаниб қўйди. Аслида у тунни пойлоқчилик билан ўтказди. Ғани отанинг тахминини текшириб кўриш ва анчадан бери ҳудудида қидирув эълон қилинган шахс туфайли раҳбарият олдида «тили қисиқ» бўлиб юрганига чек қўйиш иштиёқи устун келиб тунни дарахт панасида ўтказди.
... Кеча оқшом энди уйга кетаман деб, ташқарига чиққанида маҳалла ишида бош-қош бўлиб юрадиган Ғани ота пайдо бўлди-да, унинг оромини буткул ўғирлади.
– Яхши ишлаяпсанми, болам? – дея отахон дангал мақсадга кўчди. – Шу десанг, мол-ҳолдан хабар олай деб ташқарига чиққандим. Осмондан тушдими, ердан чиқдими, олдимдан биров югургилаб ўтди. «Ҳой, тўхта, кимсан?» дейишимга ҳам парво қилмади.
– Мол-ҳолингиз жойида эканми?
– Ҳаммаси жойида. Фақат лўкиллаб югуришидан уни бир кишига ўхшатдим.
– Кимга ўхшатдингиз, бирор танишингизгами?
– Қўшним Саноқулупга, ҳалиги қандайдир жиноят қилиб қочиб кетган дегандинг-ку, ўша.
– Ростданми? – капитан ҳушёр тортиб отахонга яқинлашди. – Адашмадингизми?
– Ўхшайди, – деди отахон ва иккиланиб, – яна билмасам...
Профилактика инспектори Ғани отани кузатиб қўйгач, чуқур ўйга чўмди. Наҳотки, икки йил олдин корхона техникаларини сотиб, чўнтагини қаппайтириб, тергов ва суддан қочиб юрган Саноқулов уйига қайтган бўлса? Уни қўлга олса, икки карра яхши бўлади. Ҳам таътилга чиқиб мириқиб дам олади, ҳам ҳудудидаги ана шу кемтикликдан қутулади. Шундай ўй-хаёллар билан ярим кечаси Саноқуловнинг ҳовлисига борди.
Ҳамма ёқ сув қуйгандек жим-жит. Чироқлар ўчирилган, барча ширин уйқуда. Капитан Авазов уйни кузатиб, бирор шубҳали нарсани пайқамади. Шундай бўлса-да, умидини узмади. Панага ўтиб, пойлоқчилик қила бошлади. Вақт эса чиқ-чиқлаб секин ўтарди... Орадан қанча вақт ўтди, билмайди. Тун ҳам пардасини йиғиштириб, ўрнини тонгга бўшатишга чоғланган бир пайт уй эшиги оҳиста очилди. Профилактика инспектори ҳушёр тортди. Уйдан бир эркак чиқиб, боғ тарафга юрди. Капитан синчиклаб қараб, у айнан қидирувдаги кишига ўхшашлигини пайқади.
Шу лаҳзада қўшимча ёрдам чақиришга вақт йўқ. Бу орада қидирувдаги шахс қочиб кетиши мумкин. Капитан Авазов куни-кеча малакали спорт усталаридан жисмоний чиниқишини мустаҳкамлаган эди. Улар ўргатган қўл жанги усулларини яна бир карра ёдга олди. Мабодо Саноқулов унга қаршилик кўрсаца, шу усуллардан фойдаланади...
Ҳалиги киши қайтиб келаётганида капитан орқасидан борди. Саноқулов қочишга чоғланмоқчи бўлувди, доим вазиятни тўғри баҳолаб, тайёр ҳолда турадиган инспектор икки ҳатлаб, унинг қаршисида пайдо бўлди. Ноилож, Саноқулов тақдирга тан берди...
Мирзо АҲАД.
