Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туман Қўриқлаш бўлимида ходимлар учун ўқув-амалий машғулоти бўлиб ўтди. 

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад – ходимларнинг хизмат жараёнида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларда, жумладан ёнғин, ис газининг сизиб чиқиши ва газ-ҳаво аралашмаси чақнашининг олдини олиш ва бартараф этиш борасидаги тайёргарлигини оширишдан иборатдир.

Тадбир давомида мутахассислар қўриқланадиган объэктларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди. Иштирокчилар хавфли вазиятлар юзага келганда ҳаракат қилиш кетма-кетлигини батафсил ўргандилар. Фуқаролар ва қўриқланадиган объэктлар хавфсизлигини таъминлаш кўникмаларини машқ қилдилар.

Шунингдек, биринчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг амалий жиҳатларига катта эътибор қаратилди. Тажрибали мутахассислар фавқулодда вазиятларда самарали ҳаракат қилиш имконини берувчи тўғри усул ва услубларни намойиш этдилар.

Машғулотнинг интерфаол шакли ҳар бир ходимга нафақат зарур назарий билимларни олиш, балки уларни амалиётда мустаҳкамлаш имконини берди.