47 ёшли Г.М фирибгарлик жинояти содир этгани учун аввал ҳам бир неча бор судланиб, жазосини олган эди. Шундай бўлса-да, “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, эски “ҳунар”идан воз кечмади. Бу сафар унинг ҳийла тузоғига хатирчилик дугонаси С.Ф илинди. Боиси у ўғлига иш қидириб юрганида, ўзаро суҳбат чоғида дардини айтиб қолди. Г.М унга “Ўғлингни Навоий кон-металлургия комбинатига ҳайдовчи қилиб ишга киритаман. Фақат “хизмат ҳақи” 2 миллион 300 минг сўм бўлади”, – деди. С.Ф ҳам дугонасининг ваъдасига лаққа ишонди. Г.М эса пулларни қўлга киритгач, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборди. Ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига кўра жиноят иши қўзғатилди. 

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.