Хатолар инсонни ҳаётда кўп ҳақиқатларни англашга ўргатади. ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Тўртинчи минтақавий мувофиқлаштириш марказига қарашли Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган 41-сон манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётганларни фаол ижтимоий ҳаётга қайтариш учун тарбиявий-профилактик ишлар тизимли равишда олиб борилаётир. 


Биламизки, китобхонлик инсоннинг маънан юксалишига хизмат қилади, дунёқарашини кенгайтиради, кишини эзгу ишларга даъват этади. Шу маънода муассасадаги маҳкумларнинг қалбида китоб мутолаасига муҳаббат уйғотиш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Колонияда кутубхона ташкил этилган бўлиб, ундан турли мавзулардаги асарлар ўрин олган. 

– Манзил-колониямизда «Барқарор ҳаёт» халқаро ижтимоий маърифат маркази билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишига қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизмнинг олдини олишга кўмаклашиш» лойи­ҳаси доирасида маҳкумлар учун ўқув машғулотлари ҳам ташкил этилган, – дейди манзил-коло­ния ТИБ бошлиғи, маёр Баҳром Бойқобилов. – Машғулотлар жара­ёнида маҳкумлар ўзлари қизиққан касб-ҳунарни ўрганишмоқда. Бу уларга кейинчалик фойдали меҳнат билан банд бўлиб, ҳалол даромад топишларида асқатади. 

– Колониямизда иссиқхона қурилган, – дейди маҳкум Эргаш Худойқулов. – У ерда асосан сабзавот экинлари, шунингдек, турли гуллар етиштирамиз. Экинларни вақтида суғориш, ўғитларини бериш ва парвариш қилиш каби ишларни мароқ билан бажараман. Барқ уриб ривож­ланган кўчатларни, етиштирилган ҳосилни кўриб, ҳамма чарчоқла­рим тарқаб кетади. 

Иссиқхонада маҳкумларга полиз маҳсулотларини етиштириш сирлари бўйича амалий машғулотлар ҳам олиб борилади. 

Бугун ахборот технологиялари барча соҳаларга жадаллик билан кириб бормоқда. Шундай экан, компютер техникасини билмаган одам бирор ташкилотда ишлаши қийин. Колонияда ташкил этилган компютер саводхонлиги курслари эса бу муаммони бартараф этишга ёрдам беради.

Буларга қўшимча равишда аёллар сартарошлиги, чилангарлик, дурадгорлик курслари ҳам йўлга қўйилган. Айниқса, колонияда ташкил этилган сехларда маҳкумлар пластик эшик ва ром ясашни ўрганишмоқда. Қолаверса, маҳкум Далер Йўлдошев томонидан турли рўзғор буюмлари, стол-стул, жавонлар ясаш бўйича машғулотлар ҳам олиб борила­ётирки, бу бошқалар учун ҳам манфаатли бўлмоқда.  

– Сартарошлик ҳам бир ҳунар, — дейди маҳкум Ўктам Тошпўлатов. – Уни ўрганганим ҳозир менга асқатяпти. Бу ерда сартарошлик қилишим учун барча шароитлар яратиб берилган. Муҳими, бу ҳунарни бошқа маҳкумларга ҳам ўргатяпман. 

Бугун ушбу манзил-колониядагиларга касб-ҳунар ўргатилаётганининг замирида битта эзгу мақсад бор. У ҳам бўлса, маҳкумларга ҳалол меҳнат қилиб, жамиятда ўз ўрнини топишга ўргатишдир. Зеро, инсон ўзи, оила аъзоларини ҳалол ризқ-рўз билан таъминлаши, бу йўлда керак бўлса, машаққат чекиши савобли амаллардандир. Аксинча, илмсизлик, касб-ҳунарсизлик кишини хорлик сари етаклайди. 


Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

«Постда» мухбири.

Сурхондарё вилояти.