– Китоб – беминнат устоз, билим манбайи, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – 2018-йил ИИВ Академиясини имтиёзли диплом билан тамомладим. Бу муваффақиятга эришишим осон бўлмаган, жуда кўп ўқирдим. Бироқ китоб ўқишда ҳам ўзига хос жиҳат бор экан. Буни Самарқанд вилояти Паяриқ тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси вояга етмаганлар билан ишлаш гуруҳи вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологи сифатида илк хизматимни бошлаган кезларимда тушуниб етдим.
Қаҳрамонимиз ҳозирда Тошкент шаҳар Олмазор тумани бўйича ИИОФМБ 4-сонли Ички ишлар бўлими ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори. Хизмат жараёни асосан Тошкентдаги Турин политехника университетида таҳсил олаётган хотин-қизлар билан кечади. У талабалар иштирокида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлмаслик, турли экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолмаслик ва бошқа муаммоларни бартараф этиш мақсадида мунтазам профилактик суҳбатлар олиб боради. Айниқса, талабалар уйида яшовчиларга алоҳида эътибор қаратади. Улар дуч келган муаммоли вазиятларга мутасадди ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда ечим топишга ҳаракат қилади.
– Ўғлим Нурсултон Миллий гвардия ходими, – дейди лавҳамиз қаҳрамонининг қайнонаси Хайриниса Жиямуратова. – Фарзандимни уйлашга келганда отаси иккимиз бир қарорга келишимиз қийин бўлган. Чунки ўғлимни оилада ҳам, ишида ҳам елкадош бўлиб, уни тушунадиган қизга уйлантиришимиз керак эди. Келинимга бир кўришда меҳрим тушиб қолган. Шукур, бугун болаларимнинг бахти тўкис. Иккиси ҳам хизматини бекам адо этиб келишяпти. Зарур бўлса, ҳамиша ёрдамга тайёрман.
Ҳаётда муваффақиятларга шунчаки эришилмайди. Балки каттами-кичикми ютуқ ортида кўпчиликка маълум бўлмаган фидойилик бўлади, албатта. Катта лейтенант Онорхол Исмоилова яқинда Жиззах вилоятининг Зомин туманида Ички ишлар вазирлиги тизимларида хизмат олиб бораётган хотин-қизлар ўртасида ўтказилган ИВ форум доирасида «Энг яхши китобхон аёл ходим» танловида 1-ўринни қўлга киритди. Ёш ходима хизматда зиммасига юклатилган вазифаларни тўкис бажаришида, оилада яхши бека, она, келин бўлишида яқинларининг алоҳида ҳиссаси борлигини яширмайди.
Ҳар бир аёлга оиласи, яқинларининг меҳри, ардоғи куч, иштиёқ, эртанги кунга умид беради. Менинг ҳам келажакда режаларим кўп. Хизматдан ажралмаган ҳолда ҳуқуқшунослик йўналишида магистратурада таълим олиш, илмий фаолият билан шуғулланиш ниятидаман.
Китобни тафаккур маёғи санаган лавҳамиз қаҳрамони доим интилиш, изланишда. Унинг орзулари карвон, сарбони – ишонч. Шижоат эса ҳамиша ҳамроҳидир.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
ўз мухбиримиз.
