Наманган вилояти ИИБ ЖЦБ Патрул пост хизмати баталъони ходимларининг фаолияти ҳақида ана шундай илиқ фикрларни айтиш мумкин. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида ходимлар томонидан 7 нафар расмий, 11 нафар норасмий қидирувдаги шахслар ушланган. Шунингдек, 2 нафар бедарак йўқолган шахс аниқланиб, 24 та жиноят фош этилган.

Вилоят ИИБ ЖЦБ Оммавий маданий тадбирларни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш отряди инспектори, катта сержант Элёр Саидбурхоновнинг ҳам юқоридаги кўрсаткичларда алоҳида ҳиссаси бор.

Март ойининг бошларида катта сержант Элёр Саидбурхоновга Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқаро қўшниси Н. М.нинг ўз хонадони томида наша ўсимлигини ўстираётганлиги ҳақидаги хабарни етказди. Зудлик билан ходим ҳудуд профилактика инспектори билан боғланиб, айтилган жойга етиб борди. Ходимларнинг хонадонига тўсатдан кириб келишини кутмаган фуқаронинг ранги оқариб кетади. Ички ишлар органлари ходимлари фурсатни бой бермай, ҳовли ёнбошидаги нарвон олдига йўналдилар. Н. М. уйнинг нариги тарафидаги устунлар орқали томга чиқди, лекин нашаларни кўздан йироққа олиб қўйишга улгура олмади... 

– Жиноятлар ҳақидаги хабарлардан огоҳ бўлиш учун атроф­дагилар билан ҳам дўстона муносабат ўрнатиш зарур, – дея изоҳлайди катта сержант Элёрбек Саидбурхонов мулоҳазаларини баён этиб. – Одамларда масъулият, бўлаётган воқелик­ларга дахлдорлик туйғусини уйғотиш лозим. Жиноят содир этаётган одамлар ҳақидаги хабарни ички ишлар органларига маълум қилиш нав­батдаги жиноятларнинг олдини олади. Чунки бу каби иллатларга биргаликда курашмасак, у илдиз отиши муқаррар. 

Шу ўринда айтиш лозимки, Э. Саидбурхонов томонидан жорий йил бошидан буён 3 нафар қидирувдаги шахс ушланган ва 2 та жиноят фош этилган. – Ходимларимиз орасида Элёрбек алоҳида фазилатлари билан ажралиб туради, – дей­ди вилоят ИИБ ЖЦБ ППХБ командири, подполковник Козимбек Мирзаев. – Ташаббускор, ўз ишига масъулиятли. Изланишдан эринмайди. Унинг йил бошидан буён уч маротаба вазирлик ва вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан тақдирлангани ҳам хизмат вазифасига виждонан ёндашганининг натижасидир.

Албатта, бундай эътироф ва рағбатлар Элёр Саидбурхоновнинг шижоатини янада оширмоқда. У ўз олдига катта мақсадлар қўйган. ИИВ Академиясининг сиртқи бўлимига ҳужжатларини топширган. Спорт бўйича синовлардан муваффақиятли ўтди. Навбатдаги синовларга тайёргарлик кўрмоқда. Икки ўғлини Ватанга муносиб фарзанд этиб тарбиялаш эса унинг ота сифатидаги орзуси.

Яхши ниятлари йўлида олға интилаётган қаҳрамонимизга омадлар тилаб қоламиз.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА,

«Ростда» мухбири.

Наманган вилояти.