Ҳудуд шимолдан Мўйноқ, ғарбдан Чимбой, Кегейли, Нукус туманлари, жануб ва жануби-шимолдан Амударё, Беруний, шарқдан Тахтакўпир туманлари билан чегарадош. Умумий майдони
5,9 минг км.кв иборат бўлиб, 1 та шаҳар типидаги посёлка, 4 та макон, 8 та овул фуқаролар йиғинидан иборат. Аҳолиси
53 минг нафардан ортиқ.
– Туманимизда жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида ҳудудларда олиб борилган ишлар натижасида умумий жиноятчилик 14,9 фоизга, жиноят қидирув соҳасида 7,6 фоизга камайди. Шу ҳисобда, қасддан одам ўлдириш, товламачилик, босқинчилик, фирибгарлик, автотранспорт воситасини олиб қочиш каби жиноятлар содир бўлмаслигига эришилди. Албатта, бунда жойлардаги маҳалла фаоллари билан ҳамкорликдаги ишларнинг тўғри йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этди. Шунингдек, хизмат самарадорлигини ошириш мақсадида туман Иибда мониторинг хонаси ташкил этилган бўлиб, бу бир пайтнинг ўзида ходимларнинг иш жараёнини назорат қилиш, иккинчидан, бу ерга интеграция қилинган
200 дан ортиқ видеокамералар орқали жойлардаги ҳолатни реал вақт режимида кузатиш имконини бермоқда. Ушбу чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, тоифасига кўра тумандаги маҳаллалардан 9 таси «яшил», 3 таси «сариқ» ҳудудга киритилган, – дейди туман ИИБ бошлиғи, подполковник Бекназар Шаханов.
Маълумки, жиноятлар содир этилишининг олдини олишда муқаддам жиноят содир этган шахслар билан олиб бориладиган профилактик тадбирлар катта самара беради. Шундан келиб чиққан ҳолда, туман ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи томонидан бу борада қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жорий йил бошидан буён Пробация гуруҳи томонидан 51 нафар шахс ҳисобдан чиқарилган бўлса, 26 нафар шахс муддатидан олдин шартли равишда озод этилган. Айни пайтда 29 нафар шахс гуруҳ ҳисобида туриб, уларнинг белгиланган тартибга риоя этилиши назоратга олинган.
– Пробация ҳисобида бўлган шахсларнинг қайта жиноят содир этишининг олдини олишдаги энг самарали усуллардан бири – уларнинг бандлигини таъминлаш ҳисобланади, – дейди катта инспектор, маёр Айбек Досназаров. Бу йил мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, 10 нафар шахс ишга жойлаштирилди. Ҳозир туман Бандликка кўмаклашиш маркази билан бирга ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган шахсларни тумандаги корхона-ташкилот ва фермер хўжаликларига ишга жойлаштириш чораларини кўряпмиз. Бундан ташқари, уларнинг яшаш манзилларига борилиб, яшаш шароитини ўрганиш, жазони ўташ тартиби ва мажбуриятларини тушунтириш юзасидан профилактик суҳбатлар ўтказиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга туман ИИБ ҲПБ ХҚМБ катта инспектори, капитан Назира Бекимбетова муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Жорий йил давомида тумандаги 141 хонадон ўрганиб чиқилиб, аниқланган 155 та муаммодан 143 таси ижобий ҳал этилган. Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 44 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган бўлса, 9 нафари Нукус шаҳридаги Хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига жойлаштирилган.
Ўтган давр мобайнида Тергов гуруҳи томонидан 20 дан ортиқ ишлар тергов қилиниб, тегишли тартибда судга оширилган. Уларни таҳлил қилиб қарайдиган бўлсак, 23 фоизи фирибгарлик, 21 фоизи йўл-транспорт ҳодисаси, 20 фоизи ҳужжатларни қалбакилаштириш, 18 фоизи тан жароҳатини етказиш, қолган 18 фоизи эса бошқа турдаги жиноятлар билан боғлиқ эканлигини кўришимиз мумкин. Тергов гуруҳи томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, адолатлиликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Қораўзак тумани учинчи секторига тўртта аҳоли яшаш пункти бириктирилган бўлиб, улар «Қораўзак» посёлка фуқаролар йиғини, «Ғарезсизлик», «Ата макан», «Маданият» макон фуқаролар йиғинидан иборат. Айни кунда сектор ҳудудидаги 2500 дан ортиқ хонадонларда 15 мингга яқин аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида сектор ишчи гуруҳи томонидан аҳолининг яшаш шароитини ўрганиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи томонидан ҳам шу кунга қадар мурожаатлар асосида 1600 дан ортиқ хорижга чиқиш биометрик паспорти, 5800 дан ортиқ ИД-карта ўз эгаларига топширилди. Туман ҳудудига вақтинча яшаш учун келган 197 нафар хориж фуқароси ҳисобга қўйилган.
Шунингдек, «Паспорт-виза» тадбирлари давомида 101 нафар фуқарога нисбатан аниқланган қоидабузарлик юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қўлланилган жарималар ундирилиши таъминланди. Бундан ташқари, туман ИИБ ходимлари томонидан хорижга кетганлар ҳисоби юритилиб, узоқ муддатдан сўнг қайтиб келган фуқаролар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиб келинмоқда.
Азамат ПИРНИЯЗОВ,
ўз мухбиримиз.
Қорақалпоғистон Республикаси.
