Суякларнинг заифлашиши айнан қачондан бошланишини белгилаб берадиган маълум ёш чегараси йўқ. Бу ҳар кимда ҳар хил бўлиши мумкин. Агар инсон ёшлигидан суяклари бақувват, чидамли бўлса, мунтазам спорт билан шуғулланса, соғлом турмуш тарзига амал қилса, остеопороз ёки остеопения деган муаммога умуман тўқнашмаслиги ҳам мумкин.

Д витамини

Д витамини суяклар мустаҳкамлиги учун организмнинг асосий ёрдамчиларидан бири саналади. Ушбу витамин маҳсулот таркибидаги калсий яхши сингишини таъминлайди, шу­нингдек, суяк тўқимасининг регенерациясига жавоб берадиган ҳужайраларни рағбатлантиради. Қуёшнинг ултрабинафша нурлари таъсирида мазкур витамин организмда кўпроқ ажралади. Сут ичиш, тухум, картошка, балиқ ва қўзиқорин истеъмол қилиш ҳам организмнинг ушбу витаминга бўлган эҳтиёжини қоплашга ёрдам беради.

Калсий

Калсий суяклар, умуман олганда, организм учун жуда ҳам муҳим саналади. Аммо ўзи яхши сингмагани сабаб уни Д витамини билан бирга қабул қилиш тавсия қилинади. Организмдаги калсий етишмаслиги ўрнини босиш учун балиқ, бодом, ёнғоқ ва кўкатлар истеъмол қилишни канда қилмаслик керак.

Фосфор

Фосфор етишмаслиги нафақат суяк­ларнинг мўртлашиши, балки тишлар билан боғлиқ муаммоларнинг кўплаб куза­тилишига ҳам олиб келади. Таркибида оқсил бўлган маҳсулотларни таомномадан чиқариб ташлаганлар, ширин газланган ичимлик истеъмол қиладиганларда, айниқса, бу каби ҳолатлар кўп бўлади. Фосфор балансда бўлиши учун балиқ, товуқ ва сут истеъмол қилинг.

C витамини 

Коллаген ишлаб чиқарилиши учун жавоб берадиган мазкур витамин ситрус мевалар, шунингдек, қулупнай ва яшил булғор қалампирида бисёр бўлади. Коллагеннинг етарли миқдорда экани пай чўзилиши каби муаммоларнинг олдини олиб, фаол, эгилувчан бўлишга ёрдам беради.

К витамини

Оқсил синтезида иштирок этадиган бу витамин, шунингдек, суякларнинг минерал тўйиниш жараёнида иштирок этади. Қолаверса, калсийнинг организмга яхши сингишига ҳисса қўшади. Зайтун ёғи, кўкатлар, лавлаги ва кўк чой К витаминининг кони саналади.

Б12 витамини

Суякларнинг қайта тикланишида муҳим рол ўйнайдиган мазкур витамин етишмаганда, организмга коллаген сингиши қийинлашади. Бу пайларнинг бўшашиши ҳамда остеопорозга олиб келади. Б12 витаминига бўлган эҳтиёжни қоплаш учун гўшт, сут ва тухумни канда қилмаслик керак.

Калий, А витамини ва 

омега-3 ёғи

Фойдали экани билан ўзига хос бўлган мазкур моддалар калсийнинг яхши сингишида ҳам аҳамиятли саналади. Шу сабаб ҳам кундалик рационга банан, ёнғоқ, зиғир донлари, шунингдек, балиқ ва кўкатларни киритиш тавсия қилинади.

Тийилиш керак

Қора чой, қаҳва ва газланган ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилмаслик, остеопорозни келтириб чиқариши мумкин бўлган туз ҳамда оқсилдан тийилиш керак.

Фаол турмуш тарзига

амал қилинг

Тўғри ва фойдали маҳсулотларга асосланган парҳез тутиш саломатлик учун фойдали, аммо соғлом турмуш тарзига ҳам амал қилиш керак. Спиртли ичимлик, стресс ва камҳаракатлилик уринишларингиз бесамар кетишига сабаб бўлиши мумкин. Спорт билан шуғулланинг, камроқ асабийлашишга ҳаракат қилинг.

Тавсияларга амал қилишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг!