Қўшработ тумани Оқтов ва Нурота тоғ тизмалари орасида жойлашган бўлиб, бу ҳудуд Ўзбекистон харитасида Орасой текислиги деб аталади. 

Туман 1978-йил 3-апрелда Самарқанд вилояти таркибида, вилоятнинг Иштихон ва Паяриқ туманлари ҳамда Навоий вилояти Нурота туманининг айрим хўжаликлари қўшилиши ҳисобидан ташкил этилган. Буни туманнинг Қўрғон қишлоғида яшаб, бахшичиликда довруқ қозонган Эргаш Жуманбулбулнинг «Раёним Нурота тоғлар ораси, Отим Эргаш Жуманбулбул боласи» деб жўшиб куйлагани ҳам тасдиқлайди. 

Кўпгина манбаларда ҳозирги «Қўшработ» МФЙ ҳудудида жойлашган Эски Қўшработ ҳамда айни пайтда туман маркази ҳисобланган Пичот қишлоқларида иккита работ бўлгани, шунга кўра ҳудуд Қўшработ деб номлангани айтилади. Ушбу қўш работ қолдиқлари ҳозиргача сақланиб қолинган. 

Туман узоқ ўтмишга эга. Ундаги Минишкор ва Оққўрғон қишлоқлари ҳудудида жойлашган ғорлардан топилган тош қуроллар ишлов бе­риш техникасига кўра сўнгги палеолит (эр. ав. 

40–12 минг йилликларни ўз ичига олади) даврига мансуб. Ўтган йили 1-августдан 13-сентабргача олиб борилган тадқиқотларда эса «Юқори Жўш» МФЙ ҳудудида Бекқўрғонтепа номли қадимий шаҳар бўлгани аниқланди. Қазишмалар давомида кўплаб археологик топилмалар, хусусан, нумизматик материаллар (танга пуллар), сопол идиш парчалари, темир ва тошдан ясалган уй-рўзғор буюмлари, аёллар тақинчоқлари, шиша буюм материаллари топилган. Бу топилмалар Бекқўрғонтепага илк ўрта асрларда асос со­линганидан, шаҳарда ҳаёт ХИХ аср охирига қадар давом этганидан далолат беради.

Туманда Зармитан олтин-руда кони мавжуд бўлиб, бу мамлакатимиз иқтисодий ривожига катта улуш қўшади. Бепоён даштларида деҳқонлар ғалла етиштирса, қир-адирларида чорвадорлар қўй-қўзи боқади. Тоғларининг мусаффо ҳавоси, сой ва дараларида шарқираб оқаётган зилол сув­лар дам олувчиларни аллақачон ўзига маҳлиё этган. Тоғ-тошларида учиб юрган қушлар – каклик ва тўрғайлари сайрашидан диллар яйрайди. Шундан бўлса керак, тоғ даралари орасида жойлашган Пангат қишлоғига борганлар бу масканга «Пангат – жаннат» деб таъриф беришади. 

Ҳа, ости жавҳарга, усти гавҳарга тўла бу юртнинг номи Қўшработ. Марҳамат, баҳор чоғи бориб кўринг Пангатни, худди кўргандек бўласиз жаннатни. 

Шуҳрат РЎЗИЕВ,

ўз мухбиримиз.