Равшан ака қувноқ болалик, жўшқин ўсмирлик ва қайноқ йигитлик даврини илм олишга бағишлади. Чунки раҳматли отаси Ғафур ака фарзандларининг таълимига алоҳида эътибор қаратарди.
Отаси Равшан акани 1975-йилда Тошкент шаҳридаги Республика ёш физик ва математиклар махсус мактаб-интернатига олиб келди. У имтиҳон топшириб, мактаб-интернатнинг 8-синфига қабул қилинди. Ушбу билим масканини тугатгач, Тошкент автомобил транспорти ва йўллари институтига ўқишга кирди. 1983-йилда институтни имтиёзли диплом билан тугаллагандан сўнг Пешку туманидаги 6-сон кўчма механизациялашган колоннада бош механик вазифасида иш бошлади.
– Отам ДАН соҳасида ишлашимни хоҳладилар. Шу боис олийгоҳни битириб келганимдан сўнг туман Иибга мурожаат қилдим. ЙПХ катта инспектори лавозимига тайинландим, –дейди Равшан ака. – Ҳар тонг хизматга кетишдан олдин отамнинг дуосини олиб, йўлга чиқардим. Баъзан ҳали тонг отмасдан бўлимга чақириб қолишарди. Йўл-транспорт ҳодисаси юз берган ёки бирор жиноят содир этилган бўларди. Отам жуда сергак ётарди, тиқ эца уйғонарди. Ана шундай пайтда ҳам отамнинг дуосисиз кўчага чиқмасдим.
Ҳақиқатан ҳам, ота дуоси улуғ. Дуо олганлар ҳеч қачон кам бўлмаган. Шу боис Равшан ака ҳам ўттиз бир йил ички ишлар органларининг турли соҳаларида ва раҳбарлик лавозимларида бенуқсон хизмат қилди. Хушфеъл, фидойилиги ортидан ҳурмат қозонди, дўстлар орттирди, шогирдлар тайёрлади. 2004–2017-йилларда вилоят Иибда турли раҳбарлик лавозимларида хизмат қилиб, «полковник» унвони билан пенсияга чиқди.
Равшан ака умр йўлдоши Шоира опа билан уч қиз ва бир ўғилни тарбиялаб вояга етказди. Фарзандларининг барчаси олий маълумотли. Тўнғич қизи Шаҳло Раҳмонова вилоят Иибга қарашли «Юлдузча» мактабгача таълим ташкилоти директори, Гулноза ва Нафиса эса ўқитувчи.
Кенжаси Азизбек ота касбини танлади. У аввал Тошкент молия институтини, кейин ИИВ Академиясининг сиртқи таълим факултетини тугатган. 2014-йилдан бери ички ишлар органларида фаолият кўрсатиб келмоқда. Вилоят ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармаси 5-АМБ 1-отряд командири ўринбосари лавозимида хизматни бошлаган Азизбек Раҳмонов кўп ўтмай ўзи туғилиб ўсган туман ИИБ Жқхда тезкор вакил лавозимида самарали хизмат қилди. Хизмат давомида тўплаган тажрибаси қўл келди. Қийин вазиятларда отасидан маслаҳат олди. У қисқа вақтда катта тезкор вакил, бўлинма бошлиғи ва бўлим бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари каби масъулиятли лавозимларда ҳам фаолият кўрсатди. 2023-йилнинг январ ойидан буён Вобкент тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари — жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи вазифасида хизмат қилиб келмоқда.
– Мени шу соҳага бошлаб кирган, касбимга меҳр уйғотган инсон отам бўлади, – дейди маёр Азизбек Раҳмонов. – Хизматда эса устозим, подполковник Жонибек Болтаевнинг этакларидан тутганман. Улардан олган сабоқларим ҳали-ҳануз хизматимда қўл келяпти.
Соҳанинг фидойиси, етук мутахассиси бўлган ходимнинг шогирдлари ҳам бўлади, албатта. Улардан капитан Бобир Мардонов, катта лейтенантлар Суннат Рамазонов ҳамда Жаҳонгир Хайруллаевлар ҳозирги кунда соҳанинг турли йўналишида фидойилик билан хизмат қилишяпти.
Бугун Азизбек Раҳмонов рафиқаси Шаҳноза Мансурова билан биргаликда фарзандлари Улуғбек ва Абдулазизни тарбиялаб, вояга етказишмоқда.
Мазкур сулола вакиллари ички ишлар органларида фаолият юритаётган ҳар бир ёш ходимда ҳавас уйғотади. Чунки яхши тарбия берган падари бузрукворининг ўгитлари доимо қалбида.
Мирзоқул АҲАДОВ,
ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
