Наманган вилоятининг Поп туманида Раҳимовлар оиласини кўпчилик яхши билади. Умр йўлдоши Гулшаной опа билан 5 нафар фарзандни тарбиялаб, камолга етказган Неъматжон Раҳимов ҳаётда ўзидан яхши ном қолдирди. У Поп тумани ИИБ ҲООБ вояга етмаган ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш гуруҳи инспектори лавозимида хизмат қилиб, ҳамкасблари орасида ҳурмат қозонган эди.
Катта лейтенант Н.Раҳимов 2006-йилнинг 30-май куни хизмат олиб бораётган вақтида жиноятчи томонидан етказилган тан жароҳати оқибатида ҳалок бўлиб, Президентимиз фармонига кўра, ўлимидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланган.
Неъматжон Раҳимовнинг шонли йўлини фарзандлари, шогирдлари давом эттирмоқда.
Тўнғич фарзандлари Низомжон ва Назиржон узоқ йиллар ёнғин хавфсизлиги хизматида фаолият юритиб, пенсияга чиққан. Унинг яна бир ўғли Равшанжон эса ҳозирги кунда Учқўрғон тумани ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили лавозимида юрт осойишталигига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда, унвони маёр.
2018-йилда ИИВ Академиясини тамомлаган унинг кенжа фарзанди Маҳмуджон Раҳимов Наманган шаҳар ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида терговчи лавозимида фаолият кўрсатмоқда.
Марҳум Неъматжон Раҳимовнинг яна бир ўғли Рустамжон тадбиркорлик билан шуғулланиб, юртимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Набиралари қуршовида кексалик гаштини сураётган Гулшаной ая фарзандларининг камолини, улар эришаётган ютуқларни кўриб қувонади.
Шерзод АБДУСАМАДОВ,
ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
