Навоий вилояти ҳудудидаги автомобил йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, вилоятнинг Навбаҳор туманида аҳолининг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини ошириш мақсадида хонадонма-хонадон юрилиб, профилактик суҳбатлар ўтказилди. Туманнинг “Бурқут” маҳалла фуқаролар йиғинида бир йил давомида 5 та ва ундан ортиқ қоидабузарлик содир этган фуқаролар иштирокида тарғибот тадбири ўтказилди. Уларга бу каби хато-камчиликларга йўл қўймасликлари лозимлиги, акс ҳолда ушбу ҳуқуқбузарликлар ортидан аянчли йўл-транспорт ҳодисалари рўй бериши мумкинлиги тушунтирилди. Ҳайдовчилар йўл белгилари талабларига риоя қилиш, айниқса, таълим муассасалари олдида тезликни камайтириш, велосипедчилар ва пиёдаларга эътиборли бўлиш, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда автоуловни бошқармаслик борасида жиддий огоҳлантирилди.

Туман ҳудудида вояга етмаганлар томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари 14-сонли умумтаълим мактабида уларнинг оталари иштирокида муҳокама қилинди. Унда фарзанд тарбиясига эътиборли бўлиш, болаларга автоулов калитини ишониб топширмаслик, назоратни кучайтириш борасида сўз юритилди. Велосипедчилар ва мототранспорт бошқарувчиларга уларнинг мажбуриятлари акс эттирилган буклет ва тунда нур қайтарувчи нимчалар тарқатилди.

Мутахассислар томонидан автомобил йўллари кўздан кечирилиб, ички кўчалар ҳамда кўприкларда мавжуд камчиликлар аниқланиб, уларни тез орада бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилди. Ушбу йўналишлардаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Сабина ХЎЖАЕВА.

Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ

Ахборот хизмати мутахассиси.