Андижон шаҳрида яшовчи Р.Абдураҳмон “102”га қўнғироқ қилди. Унинг маълум қилишича, номаълум шахслар “Спарк” русумли автомашинаси эшигини бузиб очган ҳолда видеорегистратор ва катта миқдордаги пулни ўғирлаб кетишган. Ҳодиса жойига тезкор-тергов гуруҳи етиб борди, унинг таркибида эксперт-криминалистика маркази бош эксперт-криминалисти, подполковник Улуғбек Улуғжонов ҳам бор эди.

Эксперт-криминалист У. Улуғжонов автомобил ойнаси ва эшигида гумонланувчининг бармоқ изларини топишга муваффақ бўлди. Бармоқ излари “Папилон” Адитга киритилди. Компютер жиноят жойидан олинган бармоқ излари фуқаро И.Т.га тегишли эканини аниқлади.

Тезкор ходимлар гумонланувчини қўлга олишди. У яшаган уйдан ўғирланган видеорегистратор ва пуллар топилди.

Подполковник У. Улуғжоновнинг хизмат фаолиятида бу каби самарали натижаларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Андижон давлат университетини битирган Улуғбек Улуғжонов 2005-йилда ички ишлар органлари сафига кирди. Асака тумани ИИБ қўриқлаш бўлинмасида уч йил пост ходими сифатида хизмат қилди.

Сўнгра Андижон вилояти ИИБ Экбда фаолият олиб борди. Эксперт-криминалист, катта эксперт-криминалист лавозимларида ишлади. 2021-йилдан буён бош эксперт-криминалист лавозимини эгаллаб келмоқда. Унинг шогирдлари катта эксперт-криминалистлар, капитанлар Жамшидбек Абдураҳмонов ва Абдувоҳид Абдуллаев, катта лейтенант Миржалол Мадаминов Андижон вилояти эксперт-криминалистика хизмати бўлинмаларида муваффақиятли хизмат қилмоқда.

Борис КЛЕЙМАН,

ўз мухбиримиз.

Андижон вилояти.