Ҳарбий хизмат нуфузини янада ошириш, ҳарбий хизматчиларда ўз касбига садоқат ҳисини кучайтириш, улар ўртасидаги ўзаро соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, жанговар тайёргарликни янада такомиллаштириш, ҳарбий интизомни мустаҳкамлашда ҳарбий тузилмалар ўрасида ўтказилаётган спорт ва жанговар машғулотлар, турли танловлар муҳим аҳамиятга эгадир. Хусусан, жорий йилнинг 5-7-сентабр кунлари ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондонлигида ташкил этилган “Ўз касбининг устаси” кўрик-танловининг округ босқичи ҳам шу мақсадда ўтказилди.

Танловда қўшин таркибидаги барча ҳарбий қисмларда бўлиб ўтган саралаш босқичида ижобий натижаларга эришган энг илғор сержант ва офисерлар иштирок этди.

Иштирокчилар бир-неча шартлар бўйича беллашишди. Жумладан, улар кўрик-танловнинг назарий қисмида умумҳарбий низомлар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича бериладиган тест саволларига жавоб беришган бўлса, амалий қисмида ўқ отиш машқларини бажариб, тактик ва жисмоний тайёргарлик нормативларини топширишди.

Танловда ҳарбий хизматчилар бор билим ва маҳоратини ишга солиб, ғолиблик учун курашишди. Танлов якунига кўра, «Энг илғор сержант», «Энг илғор гуруҳ командири», «Энг илғор взвод командири», «Энг илғор баталён командири» номинасиялари бўйича энг юқори натижаларни қўлга киритган ҳарбий хизматчилар аниқланди. Эндиликда улар жорий йилнинг ноябръ-декабръ ойларида Қуролли Кучлар миқёсида ўтказиладиган республика босқичига иштирок этадиган бўлишди.

Ўз мухбиримиз.