Қадрли устоз ва мураббийлар!

Ички ишлар органларида, таълим муассасаларида ёш ходимлар, тингловчи ва курсантларни тарбиялаш, уларга касб сирларини ўргатишда ўзининг назарий билим ва ҳаётий тажрибаларини, куч-ғайратини аямай, фидойилик кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар, мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ҳамда тизимдаги барча устоз-мураббийларни 1 октабр – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан самимий табриклайман. 

Сизларнинг Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш йўлидаги хизматларингизни юксак қадрлаймиз.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев куни кеча ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган байрам табригида “Сиз, азиз устоз ва мураббийлар бугун мана шундай ўта масъулиятли жабҳада том маънода тарихий миссияни адо этмоқдасиз. Чунки, Ватан ва халқ манфаати учун мардона курашадиган, ўзининг қатъий ҳаётий позициясига эга, ҳеч кимдан кам бўлмаган ёшларни тарбиялаш – ҳақиқатан ҳам ғоят эзгу ва улуғ вазифадир”, – дея алоҳида таъкидладилар.

Мамлакатимизда таълимга, ўқитувчи ва мураббийларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор, ўз навбатида, фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб, замонавий билим ва касб-ҳунарларни мукаммал эгаллаган, энг асосийси, она Ватанимиз учун жонини, бутун борлиғини фидо этишга тайёр комил шахслар бўлиб катта ҳаётга қадам қўйишларига замин яратиши шубҳасиз.


Муҳтарам устоз ва мураббийлар!


Фурсатдан фойдаланиб, Ички ишлар органларида илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантириш, ёшларга замонавий талаблар асосида билим бериш, уларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни камол топтириш, ходимларимизни қасамёдига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига камарбаста бўлаётган азиз устозларимизни ушбу қутлуғ кун билан яна бир бор табриклаб, Сизларга узоқ умр, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, келгуси фаолиятларингизда улкан зафарлар тилайман.


Вазир

генерал-лейтенант  П.Р. Бобожонов


2022 йил “_____” сентябр