Бугун биз Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратида чорак аср мобайнида алоқа воситаларини таъмирлаш ишига муносиб ҳисса қўшган моҳир уста, касбига садоқат ва фидойилик билан ёндашган, ҳалол меҳнати билан жамоада, ўгит ва насиҳатлари билан шогирдлари орасида ҳурмат ва эътибор топган инсон, фахрий Абдулхапас Қурбонов ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. 

Асли исми Абдулхапас бўлса-да, лекин у кишини ҳамма «Аббос ака» деб танийди. 

А. Қурбонов 1955-йилда Қирғизистон Республикасининг Ўзган шаҳрида туғилган. Турдиохун ака оиласида 10 фарзанд бўлиб, Адбулхапас уларнинг тўртинчиси эди. Оналари Хосиятхон ая шаҳардаги тикувчилик сехида ишларди. Улар фарзандларини ўқитишга ва бирор касб эгаси бўлишига интиларди. 

Қарангки, бугун ўзининг 70 ёшини нишонлаш арафасида турган Абдулхапас ака «Мен болалигимдан деворда осилиб, қўшиқ айтаётган радиога ҳайрат билан боқардим. Ичидан чиқаётган одамларнинг гаплари, айниқса, эртак айтилганида ҳайвонларнинг овозлари мени буткул ўзига ром этарди. Бу қутичанинг ичида нима бор экан, дердим», – дейди кулиб болалик даврларини эслаганча.

– Сал катта бўлгач бу қизиқишларим радионинг ичини очишга ундади. Шартта очдим. Оппоқ симлар, ялтироқ алюмин бўлаклари ва бошқа турли хил жисмлар янаям диққатимни тортди. Қизиғи, кейин бўлди. Ёпганимда радио ишламай қолди. Қўрқдим. Тамом, энди отам роса койиса керак. Отамга нима дейман, деб уни қайта очиб-ёпдим. Энди у гапи­рарди-ю, лекин овоз тиниқ чиқмасди. Отам очганимни сезмади. У ёқ-бу ёғини бураб, стансиядан бўлса керак, деб ишига шўнғиб кетди. 

Шу касбга қизиққанидан 2-Тошкент индустриал-педагогика техникумини тугатиб, Ўш вилоятининг Аравон туманида Қишлоқ касб-техника билим юртида ўқувчиларга дарс берди.

 1982 йилда А. Қурбонов пойтахтга келди. ИИВ Алоқа бўлимига қарашли Алоқа ва махсус техника воситаларини таъмирлаш устахонасига 4-разрядли механик бўлиб ишга кирди, 6 йил шу ерда бошлиқ бўлди. 2006 йилдан эса «ЖАР» спорт-соғломлаштириш мажмуасида фаолиятини давом эттириб, 2015 йилда пенсияга чиқди.

Абдулхапас ака ўзига касб сирларини ўргатган марҳум устозларини тез-тез эслаб туради. 

Дарҳақиқат, соҳада узоқ йиллар фидокорона ва самарали хизмат қилиб обрў-эътибор билан пенсияга чиққан бундай фидойи фахрийлардан ёшларимиз ўз касбига меҳр қўйиш, доимо ўқиб-ўрганиш, интилиш ва изланиш каби фазилатларни ҳамда устоз ва мураббийларга доимо ҳурмат-эътиборда бўлишни ўрганса арзийди.

Шуҳрат РЎЗИЕВ, 

ўз мухбиримиз.