Юртимиз тарихида собиқ Иттифоқ прокуратурасининг Гдлян ва Иванов бошчилигидаги тергов гуруҳи халқимиз бошига солган кулфатлар билан из қолдирганини биламиз. Бухоро вилояти ИИБ Сосиалистик мулкни талон-торож қилишга қарши кураш бўлими (ОБХСС) бошлиғи лавозимида ишлаган подполковник Аҳат Музаффаров ҳам ўша манфур кучлар таъсирига тушганлардан эди. 

Аҳат Музаффаров 1937-йил 4-апрелда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида туғилган. Тенгқурлари қатори унинг ҳам болалиги оғир турмушнинг заҳматлари билан ўтади. Аммо у таълим олишни канда қилмайди. 1954-йилда шаҳардаги ўрта мактабни тамомлайди ва ўша йили Мираки тумани прокуратураси котиби вазифасида иш бошлайди. У пайтлар кадрлар тақчил бўлиб, зеҳни ўткир, билимдон ёшларга талаб катта эди. Икки йилдан кейин туман халқ судининг котиби бўлиб ишни давом эттирган. 1959–1965-йилларда Тошкент давлат университетида сиртқи йўналишда ҳам таҳсил олади. Шу орада Шаҳрисабз тумани халқ суди ижрочиси, Сурхондарё вилояти суди 

девонхона мудири, вилоят суди аъзоси сифатида фаол хизмат қилди. 1967–1971-йилларда Термиз шаҳар халқ суди судъяси, 

1971–1972-йилларда Сурхондарё вилояти прокурори лавозимларида сидқидилдан ишлади.

Хизматда катта тажриба тўп­лаган моҳир юрист фаолиятини 1972-йили Сурхондарё вилояти ИИБ Тергов бўлими бошлиғи лавозимида давом эттиради. Шундан сўнг Сариосиё тумани ИИБ бошлиғи (1975–1978-йилларда), Бухоро вилояти Ромитан тумани ИИБ бошлиғи (1978–1979-йилларда), Бухоро вилояти ИИБ ОБХСС бошлиғи (1979–1983-йилларда) лавозимларида самарали фаолият юритади. 

Ажойиб раҳбар, камтарин инсон сифатида Аҳат Музаффаров ўз атрофига кўплаб тажрибали ходимларни тўплади. Ёш, иқтидорли ходимларга ғамхўрлик қилиб, уларни тарбиялади. Шу ўринда шогирдлардан бири Саъдулло Бўроновнинг у ҳақдаги хотираларини келтирсак:

– Аҳат ака Ромитан тумани Иибда бошлиқ бўлиб ишлаётганида хизматни бошлаганман. Кўп ўтмай, у кишига ҳайдовчилик қила бошладим. Вилоят ИИБ ОБХСС бошлиғи лавозимига тайинланганида ҳам хизматни бирга давом эттирдим. Ўшанда тошкентлик бир аёл келиб, унга: «Сиз Ромитан туманида ишлаган экансиз. Эрим Газлидаги махсус жазони ижро этиш колониясида ётибди. Чиқаришга ёрдамлашинг», дея минг сўм пул узатади. Аҳат ака: «Пулингизни солиб қўйинг, бўлмаса, қўлингизга кишан тақиб, қамоққа оламан», деб жавоб қайтаради. Ушбу воқеадан сўнг кўп ўтмай йўлда кетаётганимизда автоҳалокат устидан чиқиб қолиб, тўхтадик. 

Қарангки, ГАИ формасидаги икки ходим тўппонча тираб, қўлимизни қайиришди. Аҳат аканинг қўлини ўша аёл беролмаган махсус пулга теккизиб, бармоқ изларини олишди ва олиб кетишди. Кейин билсак, улар сохта ходимлар экан... 

Тергов жараёнида мендан биринчи сўрашгани шу савол бўлди: «Музаффаров кимга пул берган ва кимдан олган?» Яна қайси аёл билан юрганини ҳам айт, деб дўқ уришарди. Билмайман деб туриб олдим. Шунга қарамай, пора беришда воситачилик қилган деган айблов билан мени ҳам қамашди. 

Аҳат Музаффаров 1983-йил 27-апрелда ҳибсга олинди. Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, шунингдек, 61 нафар фуқародан пора олганлик, 

9 кишига пора берганликда айбланди ва суд томонидан унга ўлим жазоси белгиланди. Ушбу суд ҳукми кейинчалик 15 йиллик қамоқ ва 5 йиллик сургун жазосига ўзгартирилди. Қамоқ муддатини тўлиқ ўтаган А.Музаффаров қатағон, ноҳақлик ва адолацизлик қурбонига айланди. У озодликдан сўнг олти ойгина яшади, холос. 

Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.