Кобан тизими
«Кобан» термини ХИХ асрнинг охирларида пайдо бўлган бўлиб, «котай» (сменали) ва «татибан» (навбатчилик) сўзларининг қисқартма шакли ҳисобланиб, «сменали қоровул будкаси» деган маънони англатади. Ҳозир «кунчиқар юрт»да 12 800 дан зиёд шундай участкалар фаолият олиб боради. Навбатчи полисиячиларни аҳоли «о-мавари-сан» (жаноб патрул) деб атайди.
Тизимнинг асосий хусусияти – очиқлик. Полисия ходимининг иш жойи кўчага қараган дераза ёки шаффоф эшик ёнида жойлашган. Чет элликлар ҳам осон таниб олиши учун кобан номи ҳар доим лотин алифбосида ёзилади.
Одамлар кўк рангдаги хизмат формасини кийган полисиячини кўриб, ўзини хавфсиз ҳис қилади. Зеро, мамлакатда кобан тизими фуқароларнинг полисияга бўлган юксак ишончини ифодалайди.
Қишлоқ жойларида кобан кўпинча идоравий хонадон («чудзайсё») билан бирлаштирилади. Бу ерда «о-мавари-сан» оиласи билан яшайди ва жамиятнинг ҳурматли аъзоси ҳисобланади.
«О-мавари-сан» нима билан шуғулланади?
Участка ходимлари содир этилиши эҳтимоли бўлган жиноятларнинг олдини олади. Ҳудудда пиёда, велосипедда, мопедда ёки енгил автомобилда патруллик қилади, аҳолининг шикоятларини тинглаб, уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар беради. Ҳатто адашиб қолганлар ҳам уларга мурожаат қилади. Қолаверса, уйдан чиқиб кетган кекса одамни топиш (сўнгги пайтларда тобора кўп учраётган ҳолат)да улар ёрдамга келади.
Полисия ходимлари аҳолини фирибгарлик, жумладан, кибержиноятчиликнинг замонавий турлари ҳақида огоҳлантиришади.
Агар кимдир кўчада ҳамён ёки калит топиб олса, уларни кобанга олиб бориб топширади. Ушбу тизим туфайли мамлакатда йўқолган буюмларни эгасига қайтариш ҳолатлари дунё бўйича энг юқори кўрсаткичга эга.
Тизимнинг шиори – «Ишонч орқали профилактика». Бу аҳоли о-мавари-санни «ўз одами» сифатида қабул қилишига хизмат қилади.
Хай-тек ва анъаналар
Япония анъаналарни инновация билан муваффақиятли уйғунлаштиради. Замонавий кобан нафақат «таянч пункти», балки хавфсизлик сервис марказидир. Ушбу масканда 10–12 тилда саволларга жавоб бера оладиган сунъий интеллект тизимига эга мосламалар ўрнатилган. Улар геоахборот терминаллари ва сенсорли панеллар билан жиҳозланган. Агар ходим ҳудудни айланиш учун чиқиб кетган бўлса, фуқаро бинога бемалол кириши, керакли маълумотни олиши ёки интерактив монитор орқали у билан боғланиши мумкин.
Мамлакатда кобан учун янги бинолар лойиҳаларини ишлаб чиқишда машҳур архитекторларга мурожаат қилинади. Бу полисия бинолари замонавий ва «дўстона» кўринишда, шаҳар ландшафтининг ажралмас қисми сифатида намоён бўлишини таъминлайди.
Долзарблиги нимада?
Кобан тизими ЖИCА кўмагида Сингапур, Индонезия, Бразилия ва бошқа мамлакатларда муваффақиятли амалга татбиқ этилган. Бу тизим полисия ва аҳоли ўртасида ишончни мустаҳкамлаш орқали жиноятчиликни сезиларли даражада камайтиришга ёрдам берган.
Жамоат хавфсизлиги фақат маъмурий кўрсатмалар ва регламентларга эмас, балки доим ёрдамга шай таянч пунктларининг самарали йўлга қўйилган фаолияти билан ҳам баҳоланади.
Бунёд ДАВРОНОВ,
маёр.
Радик ТУМПАРОВ,
ўз мухбиримиз.
