М-39 автомобил йўлининг Сардоба туманидан ўтган қисмидаги блок постда «Нексия» автомобили нотекис ҳаракатланаётгани сабаб тўхтатилди. Ҳужжатларни текшириш жараёнида ҳайдовчининг спиртли ичимлик истеъмол қилгани аниқланди. Қашқадарёлик 1993-йилда туғилган Ў.М. исмли фуқаронинг қон таҳлили ҳам буни тасдиқлади.
Ҳавотирга тушиб қолган ҳайдовчи маъмурий баённома расмийлаштираётган Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ бўлинмалари, маъмурий амалиёт бўлинмаси инспектори, катта лейтенант Шарофиддин Абдураимовга 300 Ақш доллари миқдорида пора таклиф қила бошлади. Инспектор унинг бу ҳаракати жиноят эканлиги ҳақида огоҳлантиришига қарамай, Ў.М. сўзидан қайтмай туриб олди. Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда ушбу шахс пора бераётганида ушланди.
Қасамёдига содиқ қолган Шарофиддин Абдураимов 2021-йилда ИИВ академиясини тугатган. Хизмат фаолиятини Гулистон шаҳар ИИБ ҲПБ профилактика инспекторлигидан бошлаган. Сўнгра вилоят ИИБ ЖХХ Йҳхбга ўтказилди. Ўз касбига садоқатли ходим ёш бўлса-да, ҳамкасбларининг ҳурматини қозонишга улгурди.
Ўз мухбиримиз.
Сирдарё вилояти.
