Хоразм вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ЙПХ баталёни 5-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори, сафдор Жавлон Худойберганов Урганч шаҳар «Саноатчилар» кўчасида «Лаcетти» русумли транспорт воситаси ҳайдовчисига хавфсизлик камарини тақмасдан автомашина бошқараётгани учун тўхташ ишорасини беради. Афсуски қоидабузар ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг қонуний талабини бажармасдан ҳаракатни давом эттиради. Инспектор дарҳол хизмат автомашинасига ўтириб, Урганч шаҳар «Машъал» маҳалласи ҳудудида овоз кучайтиргич мосламаси орқали ҳайдовчига автомашинани тўхтатишни буюради. Қонун ҳимоячисидан қочиб қутулолмаслигига кўзи етган ҳайдовчи ноилож тўхташга мажбур бўлади.
Инспектор ҳайдовчининг ҳужжатларини кўздан кечираётиб, ундан спиртли ичимлик ҳиди келаётганини сезиб қолади ва уни «алкотестер» техник воситаси кўригидан ўтишга таклиф этади. Қайсар ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг бу талабини ҳам бажармасдан, транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганини тан олади ва ушбу қоидабузарликни расмийлаштирмаслик ҳамда автомашинани жарима майдонига қўймаслик эвазига сафдор Ж.Худойбергановга 200 АҚШ доллари таклиф қилади. Инспектор ҳайдовчига пора бериш оғир жиноят эканлигини ётиғи билан тушунтириб, унга «алкотестер» кўригидан ўтиш белгиланган қонун талаблари бўйича шартлигини яна бир бор таъкидлайди. Аммо кундалик ҳаётимиздаги барча муаммолар пора бериш орқали осонгина ҳал бўлиб кетаверади, деб ўйлаган ҳайдовчи инспекторни пора олишга ундашда давом этади ва 500 АҚШ доллари беришини айтади.
Ҳуқуқий тушунтиришлар бесамар кетгач, ЙПХ инспектори вилоят ИИБ бошлиғига ҳолат юзасидан мурожаат қилади. Ўтказилган тезкор тадбир давомида урганчлик К. Руслан ЙПХ инспектори, сафдор Ж. Худойбергановга таклиф қилган 500 АҚШ долларини берган пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ашёвий-далиллар билан ушланди.
– Ўз манфаатимни ўйлаб, катта хатога йўл қўйдим, – дейди ҳайдовчи ўз кўрсатмасида. – Пора олди-бердиси оғир жиноят эканлигини била туриб, шундай қалтис ишга қўл урдим. Қилмишимдан жуда афсусдаман.
Шу тариқа ички ишлар органлари ходимининг фидойилиги, хизмат бурчига садоқати туфайли пора беришга уринган нопок кимсанинг ноқонуний қилмиши фош этилди.
Ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
